Валюта курслари 17/06/2025
$1 – 12715.13
UZS – -0.35%
€1 – 14730.48
UZS – 0.17%
₽1 – 161.75
UZS – 1.04%
Қидириш
Иқтисод 02/05/2025 Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятидаги “Урганч кластер” янги тўқимачилик кластерини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятидаги “Урганч кластер” янги тўқимачилик кластерини бориб кўрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлатимиз раҳбари Хоразмдаги “Урганч кластер”нинг янги корхоналари фаолияти билан танишди.

Кластернинг ташкил этилганига беш йил бўлган. Бугун у пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб тайёр кийим-кечак тикишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган яхлит “занжир”. Унинг тизимида 3 минг киши иш билан таъминланган.

Тадбиркор 8 минг 500 гектар майдонда етиштирилган пахтани 100 фоиз қайта ишлайди. Бунинг учун пахта тозалаш ва ёғ заводлари бор.

Шу кунларда кластернинг ип-йигирув ҳамда мато тўқиш қуввати ортди. Қўшимча инвестиция эвазига яна иккита корхона фаолияти йўлга қўйилди. Германия, Япония ва Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. 

Корхонада ўқув-тажриба маркази ташкил этилган. Тикувчи ва дизайнер-мутахассислар аввал шу ерда ўқитилиб, кейин ишга қўйилади.

Буларнинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ортди. Йилига 10 минг 800 тонна атрофида ип-калава ва 3 миллион дона тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев янги фабрикаларда бўлиб, иш жараёни, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди. Тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Уларнинг ойлик маошлари, меҳнат шароитлари билан қизиқди.

Бу ерда тайёрланаётган юқори сифатли кийим-кечакларнинг катта қисми экспортга йўналтирилади. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 28 миллион доллар атрофида.

Маҳсулотлар тури ва сифатини кўпайтириб, экспорт кўламини кенгайтириш, энергия тежамкорлик орқали маҳсулот таннархини камайтириш бўйича тавсиялар берилди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР