Шавкат Мирзиёев шифокорлар ва фармацевтларнинг миллат саломатлигига қўшган ҳиссасини таъкидлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашув ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари куни билан самимий табриклади, эл-юртимиз саломатлиги посбонлари бўлган барча шифокор ва ҳамширалар, соҳа мутахассисларига ўзининг чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди.
“Бугун соҳа тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб янги ташаббусларни сизлар билан муҳокама қилиб оламиз.
Замонавий тиббиётни фармацевтикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан буён ушбу байрамни “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” деб нишонласак, ўйлайманки, сизлар буни қўллаб-қувватлайсизлар!
Буларнинг барчаси тиббиёт ва фармацевтика ходимларига кўпроқ изланиш, илғор даволаш ва профилактика усулларини эгаллашда катта рағбат, куч-ғайрат беради деб ишонаман!”, – деди Президентимиз.
Иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, одамларни ишли ва даромадли қилиш, ёшларга замонавий билим ва тарбия бериш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадал олиб борилаётгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг ўзига 230 триллион сўм (20 миллиард доллар) йўналтирилди. Бу йилда 45 триллион сўм, 2016 йилгидан эса 6 карра кўпдир.
Натижада жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушди, 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди.
Бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошиб, тиббий хизмат аҳолига анча яқинлашди. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар туман даражасига туширилди.
“Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани инсон саломатлиги борасидаги ишларимизнинг яққол амалий тасдиғидир”, – деди Президентимиз.
“Тиббиётдаги ўзгаришларни қишлоқ ва олис ҳудудларда яшаётган миллионлаб одамларимиз ҳам ҳис қиляпти, халқаро ташкилотлар, таҳлил ва рейтинг марказлари эътироф этмоқда.
Юртимизда ўртача умр давомийлиги эркаклар ўртасида 71 дан 73 ёшга, хотин-қизларнинг орасида эса 76 дан 77,5 ёшга узайгани сизлар билан эришган катта ютуғимиз, десам тўғри бўлади.
Албатта, машаққатли меҳнат маҳсули бўлган бундай эзгу ишларда 600 мингдан зиёд жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди”, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президентимиз давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган инсонларга ана шу мукофотларни топширди.
Уларнинг орасида дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим ва тажриба олиб, юртимизга қайтиб келиб ишлаётган, юқори технологик муолажаларни амалга ошираётган ёш шифокорлар ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари аҳоли саломатлигини сақлашда яқиндан кўмак бераётган хорижий ҳамкорларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этди.
Президентимиз ушбу йиғилиш халқимиз учун ҳам, тиббиёт соҳаси ва унинг вакиллари учун ҳам фойдали бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди. Шу боис, ечимини кутаётган масалаларни очиқ-ойдин гаплашиб олишни таклиф этди.
Инфляцияни жиловлаш, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини барқарор ушлаб туриш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Лекин аҳоли даромадининг катта қисмини аслида дори-дармонга сарфлаётгани қайд этилди.
“Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7,5 триллион сўм маблағ берилди. Улар минглаб энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими?
Мана шу маблағлар, ускуналар ва дори-дармонлар қандай ишлатиляпти? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланиляпти”, – деди Президент.
Рақамлаштириш, хориждан ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш, илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоани шакллантириш бўйича ишламаган марказ, туман, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимларининг келажаги йўқлиги қайд этилди.
Қайси маҳаллада, туманда қандай касаллик кўпайган ёки камайганини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали даволаш бўйича аниқ режа билан ишлаш, республика марказлари бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил қилиши, катта-катта маблағ эвазига олиб берилган энг замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз бу ишларнинг аҳволини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилди.
Мисол учун, охирги беш йилда ошқозон касалликлари 1,5 баробар қисқарган бўлсада, Қашқадарё ва Навоийда деярли ўзгариш бўлмаган. Яккабоғда шифокорларга бўлган мурожаатларнинг 33 фоизи, Ғузорда 29 фоизи, Косон ва Миришкорда эса 25 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ.
Шифокорларимиз аҳолига, айниқса, болаларга ҳалигача антибиотикларни пала-партиш қўллаб келаётгани танқид қилинди. Туманларга тушиб, шифохона ва поликлиникадаги врачларга қайси дори мумкин, қайси бири мумкин эмаслигини ўргатиш ишлари суст.
Бошқа бир мисол, буйрак касалликларининг улуши Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижонда республика кўрсаткичидан 40-50 фоизга юқори.
Мазкур ҳудудларда бу касалликлар йиллар давомида камаймасдан келаётгани Урология маркази ва Нефрология маркази раҳбариятини хавотирга солиши, улар пастга тушиб, буйрак касалликларининг олдини олишни ўргатиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Қарши шаҳри, Ангор ва Бўстон туманларида юрак-қон томир касалликлари юқори бўлишига қарамасдан, Кардиология маркази бу борада аниқ чора-тадбир белгиламаган. Бу марказга уч йил олдин 5 миллион долларга олиб берилган замонавий лаборатория ва симуляция ускуналари бир кун ҳам ишлатилмагани қайд этилди.
Эндокрин касалликларнинг дориси учун ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилмоқда. Лекин қалқонсимон без касаллиги Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззахда юқорилигича қолмоқда.
Эндокринология маркази хизматларнинг нархини бир йилда 35 фоизга оширган, лекин касалликларнинг профилактикасини ўйлагани йўқ.
Бугун хусусий клиникалар давлат шифохоналари билан тенгма-тенг туриб, айрим юқори технологик хизматлар бўйича олдинга ҳам ўтиб кетгани таъкидланди.
Масалан, жарроҳликда робот технологиялари ҳам биринчилардан бўлиб хусусий секторда қўлланди. Лекин Нейрохирургия, Хирургия марказларининг эса робот ёрдамидаги операцияларни қачон йўлга қўйиш бўйича режаси йўқ.
Яқинда Республика онкология маркази раҳбари ишдан олиниб, ўрнига Туркиядан малакали бошқарувчи қўйилди. Бу марказга Франциянинг дунё тан олган “Густав Русси” клиникаси ҳам жалб қилинди. Уларнинг клиник протоколларини татбиқ этиш бошланади.
“Барча марказ раҳбарлари эшитиб олсин: марказлар шахсий мулк эмас, уларнинг барчаси давлатники, халқники!
Ҳар бир марказ раҳбари хулоса чиқариб, ўзига бир йиллик катта режа олиши керак. Улар уч ойда хориждан ҳамкор топиб, ўзи ўзгариш қилади ёки бу ишни уларсиз қиламиз”, – деди Президентимиз.
Вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари ҳам ҳалигача эскича ёндашув, эскича услубда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудларга қанча машаққатлар билан олиб келинган ускуналар тўлиқ ишлатилмаяпти, айримларининг қадоғи ҳали очилмаган.
Мисол учун, Гурлан тумани шифохонасига 300 минг долларга олиб берилган МСКТ аппарати қувватига нисбатан атиги 9 фоизга хизмат кўрсатяпти. Ёки Навоий вилоят шошилинч марказидаги қарийб 1 миллион доллар турадиган ангиограф 4 фоиз юклама билан ишламоқда.
Уларнинг масъуллари хусусий клиникаларга бориб, тадбиркорлар бундай аппаратларни қандай самарали ишлатаётганини кўриши, ўрганиши кераклиги қайд этилди.
“Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати ҳам, талаб ва эҳтиёжлари, дунёқараши ҳам тубдан ўзгарди. Бу бошқа соҳалар қатори тиббиётда ҳам сифатни ошириш, замонавий ёндашувларни олиб кириш бўйича олдимизга янги вазифаларни қўймоқда.
Шу боис, ноябрь-декабрь ойида қаттиқ тайёргарлик кўриб, январдан тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизимни жорий қиламиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
Эндиликда 26 та марказ директорлари, вилоят, туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари бир ойлик аниқ режа асосида ишлашга ўтади.
Ушбу раҳбарлар телевидение ва ижтимоий тармоқларда чиқиб, зиммасига олган вазифаларни, қайси касалликлар кўп учраётгани ва уларни қандай камайтиришни аҳолига эълон қилиб боради. Шунингдек, одамларга мурожаат қилиб, соғлиғига эътибор қилиш, тиббий кўрикдан вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни тушунтиради.
Марказ раҳбарлари ўз соҳасида энг оғир туман ва маҳаллага боради. Бир ой қолиб, касалликларнинг сабабларини ўрганиб, уларга ечим беради, оилавий поликлиника ва туман шифохоналарининг врачларини касалликни даволашга ўргатади.
Бундан буён вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули маҳаллада ўтказилади.
“Шунда халқ билан мулоқот пайдо бўлади, одамларимиз бундан рози бўлади, тиббиёт тизимига холис баҳони ўзи беради.
Шу ўринда вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари ва бош шифокорлар, поликлиника мудирларига мурожаат қилмоқчиман. Улар ўзига савол берсин: бемор шифохона ва поликлиникага келганда қанча вақт сарфлаяпти, олган хизматидан қанчалик кўнгли тўляпти?
Мазкур раҳбарлар ўзини беморнинг ўрнига қўйиб, эшикдан бошлаб, врач қабулига кириш учун хонама-хона юрса, рентген, лаборатория, УЗИ, ЭКГ учун бошқа-бошқа қаватга чиқиб-тушса, шунда одамларнинг ҳолатини тушуниб, бу саволга жавоб топади.
Шу боис, ҳар бир вилоят, туман тиббиёт раҳбари, бош шифокор ва поликлиника мудири беморга эътиборли бўлиб, дардига шифо излаб келган ҳар бир одамнинг иши тез битиши учун барча шароитларни яратиши шарт!”, – деди Президент.
Туман ва вилоят бош шифокорлари республика марказлари билан тўғридан-тўғри ишлайдиган, интеграциялашган тизим жорий қилиниши белгиланди.
Улар ҳудудидаги касалликларнинг тури ва динамикасига қараб, марказларга буюртма беради. Бунда нафақат даволаш усуллари, балки касалликларнинг олдини олиш, шифокорларнинг малакасини ошириш каби аниқ масалаларни қўяди.
Янги йилдан аниқ мезонларни белгилаб, 26 та марказ директорлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирларини лавозимга қўйишда янги тартиб жорий қилинади.
Бунда барча тиббиёт муассасаларида раҳбар ва бош шифокор лавозимлари бир-биридан ажратилади. Уларга раҳбарлар менежерликка ўқиган, яхши натижалар кўрсатган тадбиркорлар орасидан тайинланади.
Раҳбарларни рағбатлантириш тизими ҳам ўзгартирилади.
Туман ва вилоят даражасида касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволаш бўйича янгиликлар олиб кирган, беморларни ҳудуднинг ўзида даволай олган, дори беришни тартибга келтирган, шифохонасига яхши кадрларни жамлаб, уларни мунтазам ўқитиб бораётган, соғлом муҳит ва сифатли сервисни йўлга қўйган, рақамлаштиришни тўлиқ якунлаган энг зўр вилоят, туман соғлиқни сақлаш бўлимлари, оилавий поликлиника мудирларига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими” унвони, орден ва медаллар, 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилади.
Улар раҳбарлик қилаётган шифохона ва поликлиника инфратузилмасини яхшилашга 500 миллион сўмдан ажратилади.
Ҳар бир вилоятда энг яхши 2 та туманнинг соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари ва оилавий поликлиника мудири АҚШ, Германия, Буюк Британия, Корея, Туркия каби тиббиёти ривожланган мамлакатларга менежерликка ўқитиш учун юборилади.
Бундай танлов 26 та ихтисослашган марказ учун ҳам бўлади.
Жумладан, клиник протоколларни энг илғор тажрибалар асосида янгилаган, даволашнинг янги усулларини жорий қилган, туман ва маҳаллада ишни тўғри ташкил қилган, хориждан яхши ҳамкор топиб, мутахассис ва инвестицияларни олиб келган, марказини замонавий ускуналар ва лабораториялар билан жиҳозлаган, тиббий хизматлар экспортини каррасига оширган марказ директорлари, филиаллар раҳбарлари ҳам муносиб тақдирланади.
“Шундай қилсак, поликлиникада, туман ва вилоят шифохоналарида, республика марказларида рақобат ва ишчанлик муҳити пайдо бўлади, яхши тажрибалар юзага чиқади, муносиб соҳа вакиллари адолатли мукофотланади, ғурури юксалади.
Халқимиз ҳам бунинг бевосита иштирокчисига айланади”, – деди Президентимиз.
Бугунги учрашув салкам бир асрдан буён шифокор тайёрлаб келаётган Тошкент давлат тиббиёт университетида бўлаётгани бежиз эмас.
“Тиббиётга юқори технологик ускуналар олиб киряпмиз, янги клиникаларни барпо этяпмиз. Уларда ким ишлайди? Албатта, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ўғил-қизларимиз меҳнат қилади.
Шу боис, тиббий таълимдаги ислоҳотларимизни давом эттириб, оиланинг барча ёшдаги аъзоларига малакали тиббий хизмат кўрсата оладиган оилавий шифокорлик институтини ривожлантиришимиз зарур”, – деди Президент.
Келгуси ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида педиатрия ва даволаш йўналишларини ўз ичига олган умумий тиббиёт факультети очилиши эълон қилинди. Уларда оилавий шифокорлик мутахассислиги бўйича резидентура ва магистратура ҳам йўлга қўйилади.
Резидентурада таълим олаётган талабалар бепул ўқиш билан бирга оилавий шифокор сифатида ишлаб маош олади. Резидентура битирувчиси оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа дипломи ва 150 фоизли устама олади.
Бундан буён тиббий таълим сифатини баҳолаш бўйича уч босқичли тизимга ўтилиши белгиланди.
Тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида талабаларнинг фундаментал ва клиник фанлар бўйича билими баҳоланади. Резидентурани тугатган шифокорлар эса ихтисослиги бўйича имтиҳондан ўтказилади. Шундан кейин мутахассис давлат рўйхатидан ўтади ва унга тиббий фаолият юритишга рухсат берилади.
Кўп вақтини бемор олдида ўтказадиган ҳам, муолажаларни бажарадиган ҳам – ҳамширалар.
Эндиликда оддий муолажани қиладиган эмас, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмакчи бўладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилинади.
Академия АҚШ, Германия, Буюк Британия каби давлатлар олийгоҳлари билан бирга келаси йилдан олий маълумотли ҳамшира тайёрлашни бошлайди.
Келгуси йилдан барча тиббиёт олийгоҳларида олий ҳамширалик иши йўналиши очилади ва квота 2 карра, 2027 йилдан эса камида 20 фоиздан ошириб борилади.
Бундан мақсад – яқин йилларда олий маълумотли ҳамшираларнинг улушини 10 фоизга етказиш.
Олий маълумотга эга, шифокор билан ёнма-ён турадиган бундай ҳамшираларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади. Келгуси йилдан олий маълумотли ҳамшираларнинг маошига 100 фоиз устама берилади.
Айни пайтда ўрта маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгартирилади.
Бу борада Англиянинг «Пирсон» компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамшираларни тайёрлаш бошланди. Бунинг давоми сифатида Германия, Швейтсария, АҚШ каби давлатларнинг таълим дастурлари олиб кирилади.
Шулар орқали халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамшираларнинг корпуси шакллантирилади.
Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг “Табиб доимо ўз билимини янгилаб турмоғи лозим. Зеро, тан ва табиат доим янгиланиб туради”, деган ҳикматли сўзлари орадан минг йил ўтган бўлса ҳам, ўз аҳамиятини заррача йўқотмагани таъкидланди.
Бугунги давр шифокори замонавий технология, даволаш ва диагностика усулларидан хабардор бўлиши, ўз устида доимий ишлаб бориши шартлиги қайд этилди.
Шу боис, тиббиёт ходимларининг малакасини узлуксиз ошириб борадиган янги тизим бўлади.
Келгуси йилдан малака оширишнинг масофавий, робот-симулятор, амалий, иш жойида мустақил тайёргарлик каби турлари йўлга қўйилади.
Малака ошириш талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Узлуксиз касбий тиббиёт таълими маркази ташкил қилинади.
Кўп соҳалар қатори тиббиётда ҳам хусусий сектор жадал ривожланиб бормоқда.
Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса 57 мингга етди.
Президентимиз ҳозирда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлаб, уларнинг хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича барча таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Хусусий тиббиёт клиникаларида кўрсатилаётган хизмат нархлари республика марказларидан арзон экани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга республика марказларидаги хизмат нархларини адолатлилигини кўриб чиқиш, хусусий клиникада худди шу хизматлар арзон ва сифатли бўлса, тиббий суғурта маблағини уларга тўлаб бериш топширилди.
Келгусида ҳам тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча шароитларни яратиш давом эттирилиши таъкидланди.
Хусусан, келгуси йилдан тиббий ускуна, жиҳоз ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш бўйича имтиёз 3 йилга узайтирилади.
Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш бўйича берилган имтиёз хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам қўлланади.
Замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил қилиш ва уларни жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратилади.
Бу маблағлар келгуси йилдан бошлаб тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоиз ставкада берилади.
Президентимиз тиббиёт ходимларининг меҳнатига қўшимча рағбатларни эълон қилди.
Эндиликда ҳар йили Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан давлат тиббиёт муассасаларининг барча ходимларига пул мукофоти берилади.
Туманда янги даволаш усулини жорий қилган шифокорлар 21 миллион сўмдан мукофот олади.
Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган тиббиёт ходимларига санаторийларга бепул йўлланма берилади, давлат олийгоҳларига ўқишга кирган фарзандининг бир йиллик контракт суммасига 30 фоиз чегирма тақдим этилади, ҳар йили фаолиятида алоҳида натижаларга эришган 500 нафарига ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи компенсация қилинади.
Давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йиллик стажга эга тиббиёт ходимларига зарурат туғилганда йилига бир марта юқори технологик ихтисослашган тиббий ёрдам бепул кўрсатилади.
Халқаро тан олинган индексланувчи журналларда илмий мақола чиқаришга сарфланган харажатлар тўлиқ қоплаб берилади.
Тиббиёт ходимларига барча турдаги давлат хизматларининг тўлови 2 карра камайтирилади. Бунга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.
“Агар тиббиёт ходими оиласи ва фарзандларига кўпроқ вақт ажратса, ўз устида чуқурроқ ишласа, шахсий ривожланиш, касбига бўлган муҳаббат, энг муҳими, ишидаги сифат ва унум янада ошади.
Шунинг учун келгуси йил 1 апрелдан давлат тиббий муассасаларидаги ойликларни тўлиқ сақлаб қолган ҳолда иш ҳафтасини ҳозирги олти кунликдан беш кунликка ўтказамиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
Жиззах тоғларининг энг сўлим гўшаларидан бирида қад кўтарган алоҳида дам олиш маскани тиббиёт ходимлари учун туҳфа қилинади.
Учрашувда соҳа вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини тинглади.
“Мен шифокор эгнидаги оқ либосни нафақат касб белгиси, балки Ватанга чексиз садоқат рамзи деб биламан.
Бундан буён ҳам шифокорнинг, ҳар бир тиббиёт ходимининг обрўсини ҳимоя қилиш, унга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш эътиборимиз марказида бўлади.
Ишончим комил, биз биргаликда Янги Ўзбекистонни бошқа соҳалар қаторида тиббиёти ҳам ривожланган давлатга айлантирамиз.
Барчангизга шу йўлда сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан ютуқлар, оилавий бахт-саодат тилайман”, – деди Президентимиз учрашув якунида.
#Шавкат Мирзиёев