Шавкат Мирзиёев: Самарқанддаги «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Euronews телеканалига берган эксклюзив интервьюсида Самарқандда бўлиб ўтадиган биринчи «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитининг аҳамияти ва икки минтақанинг ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритди.
«Минтақаларимиз чуқур тарихий илдизлар, умумий манфаатлар ва яқин ҳамкорликка объектив интилиш билан боғлиқ», — деди президент. Унинг сўзларига кўра, саммитнинг аҳамияти ҳамкорликнинг ноёб форматида намоён бўлади, у иқтисодиёт ва инвестициялардан тортиб, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган кенг йўналишларни қамраб олади.
Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, «Европа Иттифоқи билан шериклик – бу икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ўзаро ҳаракатли муносабатлардир». Охирги етти йил ичида Марказий Осиё давлатларининг ЕИ билан товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробарга ўсиб, 54 миллиард еврога етди. Ўзбекистон бу жараённинг асосий иштирокчиси сифатида Европа бизнесининг Марказий Осиёга бўлган қизиқиши ошиб бораётганини кузатмоқда.
Самарқанд саммит учун бежиз танланмаган. Президентнинг таъкидлашича, бу шаҳар ҳар доим савдо, фан ва дипломатия маркази бўлиб, маданиятлар ва халқларни бирлаштириб келган. Шавкат Мирзиёев фикрича, Самарқанднинг буюклиги турли халқлар ўртасида умумий тил топиш қобилиятида бўлиб, бугунги кунда Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун идеал майдон ҳисобланади.
«Самарқанд халқаро ҳаётда ўзининг алоҳида ўрнини тикламоқда ва мамлакатнинг тарихий сиёсий ва дипломатик меросини асраб-авайлаб, янада бойитмоқда», — деди Президент.
Бундан ташқари, Президент Марказий Осиёнинг чуқур ўзгаришларни бошдан кечириб, халқаро ҳамкорликда муҳим минтақага айланганини таъкидлади. Ўзбекистон Марказий Осиё бешлигида раислик қилиш доирасида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратаётганини билдирди.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, глобал ўзгаришлар ва иқлим муаммолари шароитида Европа Иттифоқи билан барқарор шерикликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва «яшил» энергетикани ривожлантириш асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади, бу ЕИ учун ҳам манфаатли. Президент Ўзбекистон келгуси беш йил ичида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54%га етказишни режалаштираётганини қайд этди.
Президентнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш энг муҳим устувор вазифалардан биридир. Бу борада минтақа давлатлари конструктив мулоқот, ишонч ва ўзаро ташаббуслар асосида иш олиб бормоқда. Шавкат Мирзиёев ишонч билдиришича, Самарқанддаги саммит минтақа ва Европа ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
— «Марказий Осиё жаҳон транспорт занжирларининг муҳим бўғинига айланмоқда», — деди Президент ва минтақа инфратузилмаси ҳамда логистикасини мустаҳкамлаш Европа ва бошқа дунё давлатлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатишга ёрдам беришини таъкидлади.
#Шавкат Мирзиёев