Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида рақамли технологиялар бўйича ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар иштирокида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган форумнинг очилиш маросими ва асосий сессияси бўлиб ўтди.
Форумда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди ва йиғилишда нутқ сўзлади.
Ўз нутқида вазир рақамли трансформация жараёнлари, ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий этиш орқали ШҲТ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли инфратузилмани кенгайтириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Тадбир доирасида иштирокчи давлатлар рақамли технологиялар йўналишида тажриба алмашиш, рақамли хавфсизликни таъминлаш, сунъий интеллект ва бошқа рақамли ечимларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, вазир тадбир иштирокчиларини жорий йилнинг 23–26 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган «ICTWeek–2025» ҳафталигига таклиф қилди.