Сеулда Ўзбекистон ва Корея олийгоҳлари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди
Сеулда Ўзбекистон ва Корея олийгоҳлари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 декабрь куни Сеул шаҳрида Корея Республикаси Таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Корея олийгоҳлари ректорларининг иккинчи форуми ташкил этилди.
Анжуманда икки давлат таълим вазирликлари мутасаддилари, олий таълим муассасалари ассоциациялари вакиллари, шунингдек, 25 дан ортиқ етакчи университет ректорлари ва делегациялари иштирок этди.
Тадбир Корея Республикаси Таълим вазири ўринбосари Пак Сон Мин, Аджу Университети президенти Ҳюнгжу Парк, Корея университетлар кенгаши раиси Ян О Бон, Ўзбекистоннинг Кореядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер Абдусаломов, Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори Узоқбой Бегимқуловнинг кириш сўзлари билан очилди.
Панель сессияларида Ўзбекистон ва Кореянинг етакчи ОТМ раҳбарлари тақдимотлар билан қатнашиб, олий таълимни ривожлантириш, сунъий интеллект бўйича кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурлари яратиш ва илмий тадқиқотлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Якунда икки томонлама музокаралар ўтказилиб, бир қатор янги ташаббуслар бўйича келишувларга эришилди.
Форум натижасида 20 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари, келишув ва битимлар имзоланди.
Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги олий таълим, илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, сунъий интеллект йўналишида илғор тажрибаларни жорий этиш ва глобал кадрлар тайёрлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.