Сенатнинг маҳаллий Кенгашларни модернизация қилиш бўйича қонунчилик таклифи Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди
Сенатнинг маҳаллий Кенгашларни модернизация қилиш бўйича қонунчилик таклифи Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ҳудудий бошқарувдаги ролини янада оширишга қаратилган қонунчилик таклифи кўриб чиқилди.
Мазкур таклифга кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институтини жорий этиш, унга бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини бажариш ҳамда Кенгаш котибияти ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатларини бериш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар сессиялари оралиғида тезкор масалаларни ҳал этиш мақсадида Кенгаш Раёсати институтини жорий этиш ва унинг иш фаолияти тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институтини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу қонунчилик таклифи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган. Мажлисда қонунчилик таклифи бўйича қарор қабул қилинди.