Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Сенатда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фан ютуқларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди

Сенатда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фан ютуқларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди

Сенатда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фан ютуқларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ялпи мажлисда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида акс этган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятига оид давлат дастурлари доирасида жорий йилда умумий қиймати 49,7 млрд сўм бўлган 69 та, шу жумладан 49 та амалий, 7 та инновацион, 1 та фундаментал, 12 та халқаро лойиҳа бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Жорий йил биринчи ярим йиллигида аграр соҳага оид илмий-тажриба ва экспериментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини кўпайтириш мақсадида хонадонбай усулида 13 та илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилган.

Республика бўйича 909 минг гектар суғориладиган ер майдонларига илмий-тадқиқот институтлари томонидан яратилган истиқболли ва янги ғўза навлари экилган ҳамда вилоятларнинг илмий-тадқиқот станциялари ва уруғчилик тажриба хўжаликларида 70 дан ортиқ янги ғўза навларининг бирламчи уруғчилик ишлари олиб борилмоқда.

Илмий-тадқиқот институтлари томонидан 271 та нав (зот) ва дурагай яратилган, шундан 107 таси Давлат реестрига киритилган, 99 таси ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, 82,7 млрд сўмлик 73 та лойиҳа натижалари тижоратлаштирилган.

Шу билан бирга, парламент сўровидаги айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётгани қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини яхшилаш, соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилишнинг институционал асослари ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Яратилган янги зот, нав ва дурагайларни амалиётга жорий этиш ҳамда илмий натижаларни тижоратлаштириш механизми самарали ташкил этилмаган.

Маҳсулот етиштирувчи субъектларни яратилаётган янги илмий ишланмалар ҳамда инновациялар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш механизми йўлга қўйилмаган.

Ёш илмий ходимлар ва тадқиқотчиларга илмий ишланмалар яратиш, тажриба синовлари ўтказиш ҳамда жорий харажатлар учун етарли маблағ ажратилмаётганлиги оқибатида кадрлар қўнимсизлиги юзага келган.

Сенаторлар томонидан янги замонавий биотехнологик ва молекуляр генетик таҳлилларни ўтказувчи ҳамда глобал иқлим ўзгариши билан шуғулланувчи йўналишларга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг