Сенат ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жазоларни кучайтирувчи қонунни маъқуллади
Сенат ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жазоларни кучайтирувчи қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратини такомиллаштириш борасида кенг кўламли чоралар кўрилмоқда. Бунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш га алоҳида эътибор берилиб, бу борада яхлит ёнғин хавфсизлиги тизимини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ёнғинларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни кучайтириш билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати ҳам мавжуд.
Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини ҳамда “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.
Хусусан, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси тўлдирилмоқда. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг ҳамда аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига бошқача тарзда муқаррар хавф пайдо бўлишининг олди олиниши муносабати билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонун ёнғинларнинг олдини олишга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир чоралари янада самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.