Сенат “Суғурта ва электрон тижорат тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Сенат “Суғурта ва электрон тижорат тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Сенат “Суғурта ва электрон тижорат тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида суғурта хизматлари бозорини ва электрон тижорат соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш, рақамли хизматлар орқали тўловларни амалга оширишни кенгайтириш ва тўлов ҳужжатларига сифатли ҳамда хавфсиз ишлов бериш билан боғлиқ молиявий технологияларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, суғурта соҳасига оид қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши мазкур соҳадаги қоидаларнинг бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларидаги меъёрларни мувофиқлаштириш зарурлигини келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, электрон тижорат соҳаси субъектларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада тартибга солишни кучайтириш, фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида самарали давлат назоратини таъминлаш зарурати ортиб бормоқда.

Сенаторлар қайд этганидек, ушбу Қонун билан амалдаги қонунчиликка суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ваколатли давлат органининг назорат вазифаларини кенгайтиришни, суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Қонун билан электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби жорий этилиб, мазкур фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида ваколатли давлат органини хабардор қилмаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганидек, Қонун билан суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ва суғурта хизматлари истеъмолчилари учун қулай шарт-шароитлар яратилади, шунингдек, электрон тижорат соҳаси такомиллаштирилади, операторлар фаолияти устидан самарали назоратни йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш таъминланади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг