Сенат меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади

Сенат меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади

Сенат меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатлари демократик, инсонпарварлик ва адолат тамойиллари асосида ҳуқуқий тартибга солинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Муҳокама қилинган Қонун миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ Сенат томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритилган.

Қонун Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Меҳнат кодексларига ҳамда “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Жумладан, Меҳнат кодексида иш ташлаш бу ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришдан тийилиш эканлиги мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда, иш берувчи ва меҳнат органларини хабардор қилиш тартиб-таомиллари ва бошқа ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар белгиланмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришга, иш ташлаш жараёнини қонуний асосда тартибга солган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий тартибни таъминлашга, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига риоя қилувчи давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлашга, халқаро ташкилотлар доирасидаги нуфузини оширишга хизмат қилишини, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун кенг йўл очиб беришини таъкидладилар.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг