Сенат Кенгаши тўққизинчи ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 31 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Кенгаш томонидан Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисини жорий йил 1 август куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим масалалар киритилган.
Жумладан, мажлисда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга, мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада оширишга ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришларга доир қонунлар муҳокама қилинади.
Шунингдек, Сенат аъзолари томонидан “Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилади, Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади.
Бундан ташқари, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан эса тегишли вазирга парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Тўққизинчи ялпи мажлиснинг кун тартиби давлат бошқаруви, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган масалаларни қамраб олган.
Ялпи мажлис доирасида ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотларини эшитиш ҳамда жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб бориш режалаштирилган.