Сенат ҳакамлик судларини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат ҳакамлик судларини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳакамлик судлари низоларни муқобил ҳал этиш механизми сифатида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Бироқ таҳлиллар ушбу судлар фаолиятида қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатган.
Хусусан, 2021–2023 йилларда айрим ҳудудларда ҳакамлик судлари томонидан давлат органлари иштирок этган ишлар бўйича қабул қилинган 47 та қарор ваколатли суднинг ижро варақаси берилмасдан тўғридан-тўғри ижро этилган. 2019–2023 йилларда эса Давлат бюджетидан 222,2 млрд сўмни ундириш ҳақида 870 та ноқонуний қарор қабул қилинган.
Айрим ҳакамлик суд судьяларининг малакаси етарли эмаслиги, судлар фаолиятини ташкил этишдаги талабларнинг қайта кўриб чиқилмаганлиги, назорат механизмларининг йўқлиги ушбу муаммоларга олиб келаётганлиги қайд этилди.
Ҳозирги вақтда 287 та ҳакамлик суди ва 1,5 мингдан ортиқ ҳакамлик судьялари фаолият юритади, уларнинг кўпчилиги турли соҳаларда асосий иш жойига эга бўлиб, профессионал тайёргарлик даражаси юқори эмас.
Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Бюджет, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларга, шунингдек “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларга муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, ҳакамлик судини ташкил этиш ҳамда судьялик вазифасини бажариш учун қўшимча талаблар белгиланмоқда, ҳакамлик судьяларининг билим ва кўникмаларини ошириш тартиби кенгайтирилмоқда, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳакамлик битимларини тузганлик учун маъмурий жавобгарлик қўллаш назарда тутилмоқда.
Бюджет кодексига ғазначиликда рўйхатдан ўтказилмаган шартномалар асосида товар, иш ва хизматларни қабул қилиб олганлик ҳолати бюджет интизомини бузиш сифатида белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонуннинг қабул қилиниши ҳакамлик судлари фаолияти очиқлиги ва самарадорлигини оширади, Давлат бюджетидан ноқонуний чиқимларнинг олдини олади, адолатли қарорларни қабул қилишга хизмат қилади ҳамда давлат манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлайди.
Муҳокамадан сўнг сенаторлар Қонунни маъқуллади.