Сенат болаларни зўравонлик ва онлайн жиноятлардан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат болаларни зўравонлик ва онлайн жиноятлардан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 12-ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.