Сенат 2025-йилдаги ишлар якунларини сарҳисоб қилди ва 2026-йилга мўлжалланган вазифаларни тасдиқлади
Сенат 2025-йилдаги ишлар якунларини сарҳисоб қилди ва 2026-йилга мўлжалланган вазифаларни тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 13-ялпи мажлисида парламент юқори палатасининг 2025 йилдаги фаолияти натижалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан Сенат Раиси маъруза қилиб, ўтган йил давомида Сенат томонидан қонунчилик, назорат-таҳлил, халқаро ҳамкорлик, маҳаллий Кенгашлар билан ўзаро ҳамкорлик ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш йўналишларида эришилган асосий натижаларга тўхталди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Сенат томонидан 136 та қонун кўриб чиқилиб, уларнинг 130 таси маъқулланган. Янги конституциявий ваколатлардан келиб чиқиб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш каби муҳим йўналишлар бўйича 13 та қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 83 та тадбир ўтказилиб, ҳудудларда аҳолини қийнаётган масалалар юзасидан Ҳукуматга аниқ таклифлар киритилган. Жумладан, аҳолини ташвишга солаётган 1,5 мингдан ортиқ масалалар аниқланган ва Ҳукуматга киритилган таклиф асосида уларни ҳал қилиш учун 2026 йилда Давлат бюджетидан 2,2 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Сенат халқаро ва парламентлараро фаолиятини жадал давом эттирди. Хорижий ҳамкорлар билан кўплаб учрашувлар ўтказилди, нуфузли халқаро анжуманлар ташкил этилди.
19 та мамлакат билан янги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Қатор йирик халқаро тадбирлар, хусусан 2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси юқори савияда ўтказилган.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш, депутатлар салоҳиятини ошириш ва маҳаллаларда муаммоларни ҳал этишга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Сенат қўмиталари томонидан маҳаллий Кенгашлар билан ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама этиш ва ҳал қилиш бўйича қўшма сайёр мажлисларни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Депутатларнинг малакаси ва касбий салоҳиятини ошириш мақсадида 100 дан ортиқ ўқув семинарлари ўтказилган.
Ялпи мажлисда 2026 йилда Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар асосида қонун ижодкорлиги, парламент назорати, ҳудудлар билан ишлаш, аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш вазифалари белгилаб олинди.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ушбу йўналишлар бўйича аниқ вазифаларни белгилайдиган Сенат қарори қабул қилинди.