Самарқанддаги Имом Мотуридий музейи концепцияси турк компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда
Самарқанддаги Имом Мотуридий музейи концепцияси турк компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда беш йилдан бўён фаолият кўрсатиб келаётган Туркиянинг "Autor Fakture" компанияси вакиллари вилоят ҳокими Адиз Бобоевга улуғ аллома - Имом Мотуридийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган янги музей концепциясини тақдим этди.
Лойиҳа муаллифи Синан Тураманнинг таъкидлашича, келажакдаги музей замонавий мультимедиа форматида амалга оширилиши режалаштирилган. Экспозисияда интерактив экранлар жойлаштирилиб, ташриф буюрувчиларга Имом Мотуридий таълимоти ва унинг тарихий аҳамияти ҳақида янада чуқур ва визуал маълумот тақдим этилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, меъморий ва бадиий безакларда миллий нақш элементларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Муҳокама жараёнида Адиз Бобоев музейнинг кириш қисми дизайнига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади. Вилоят ҳокими таъкидлашича, бу ерда фақат Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолияти эмас, балки Чокардиза қабристонида дафн этилган бошқа улуғ олимлар ва мутафаккирлар ҳақида ҳам маълумотлар берилиши лозим. Бу эса музейни комплекс тарихий-маърифий марказ сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Дастлабки концепция юзасидан билдирилган таклифлар асосида у янада такомиллаштирилиб, республика даражасида кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Лойиҳа тасдиқланганидан сўнг, томонлар амалий ишларга киришишни режалаштиришмоқда.