Самарқандда Саида Мирзиёева БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Навид Ханиф билан учрашув ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева БМТ Бош котибининг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича ёрдамчиси Навид Ханиф билан учрашди. Суҳбатнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ҳудудида илк бор ўтказилган Давлат хизмати бўйича Глобал форум якунлари бўлди.
Саида Мирзиёева суҳбат давомида мамлакатнинг ислоҳотлар ва рақамли трансформация соҳасидаги асосий ютуқлари тақдим этилганини, шунингдек, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг устувор йўналишлари белгилаб олинганини таъкидлади. Томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиб, ёшларни қўллаб-қувватлаш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ўзбек мутахассисларини БМТ ҳимояси остидаги ташаббус ва лойиҳаларда иштирокини таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтишди.
Муҳокамада экологик кун тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратилди — жумладан, Халқаро иқлим академиясини ташкил этиш режалари ва Оролбўйи минтақасидаги экотизимни тиклаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
«Бугунги кунда дунёда беқарорлик кучайиб бораётган бир пайтда, бир-биримизни эшитишни ўрганиш жуда муҳим. БМТ ҳали ҳам очиқ мулоқот ва ҳамкорликда ечим топиш имконини берадиган ягона платформадир», — деди Мирзиёева ва яқин келажакда БМТ билан ҳамкорликда яна кўплаб янги ташаббуслар амалга оширилишига ишонч билдирди.