Самарқандда БМТнинг "Ипак йўлида туризм" номли туризм тематик офиси очилди
Самарқандда БМТнинг "Ипак йўлида туризм" номли туризм тематик офиси очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикасига амалга оширилган расмий ташриф доирасида БМТ Туризм бош котиби Шайха Ал Новайс Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, “Ипак йўлида туризм” тематик офисининг очилиш маросими ҳамда Халқаро туризм академияси битирувчиларига сертификатлар топшириш тадбирида иштирок этди.
Дастур доирасидаги БМТ Туризм “Ипак йўлида туризм” тематик офисининг расмий очилиши бўлди. Самарқанд шаҳрида жойлашган ушбу янги офис Ипак йўли ҳудудида барқарор туризмни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш, трансчегаравий туристик йўналишларни ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим халқаро платформа вазифасини бажаради.
Очилиш маросимида сўзга чиққан БМТ Туризм бош котиби офис айнан Самарқандда ташкил этилганининг рамзий аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, ушбу шаҳар асрлар давомида товарлар, ғоялар, маданият ва ишонч кесишган маскан бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам Самарқанд мамлакатлар ва халқларни боғловчи муҳим марказлардан бири сифатидаги ўзига хос ролини сақлаб қолмоқда.
Шайха Ал Новайс, шунингдек, Самарқандда тематик офисни жойлаштириш бўйича Ўзбекистон ташаббуси ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу мамлакат раҳбариятининг туризмни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг Ипак йўли ҳудудидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик ёндашуви ва изчил сиёсати натижасидир.
Бош котиб БМТ Туризм томонидан мазкур офис фаолияти тўлиқ қўллаб-қувватланишини ҳам билдирди.
Офис билан танишув давомида Шайха Ал Новайс бино меъморий қиёфасининг тарихийлигини алоҳида эътироф этиб, интерерда намойиш этилган санъат асарлари тўпламини юқори баҳолади.
Дастур давомида БМТ Туризм бош котиби Халқаро туризм академияси битирувчиларига сертификатлар топшириш маросимида ҳам иштирок этди.
Битирувчиларга мурожаат қилар экан, Шайха Ал Новайс таълимнинг профессионал ва шахсий ривожланишдаги ўрнини алоҳида таъкидлади ҳамда араб мақолини келтирди: “Илм — бу нур”. Унинг сўзларига кўра, айнан билим инсон олдидаги имконият ва чақириқларни аниқроқ кўришга ҳамда ишонч билан олдинга ҳаракат қилишга ёрдам беради.
Ўз нутқида бош котиб Самарқанднинг тарихан илм-фан ва маданият марказларидан бири сифатидаги алоҳида ўрнини ҳам қайд этиб, ушбу шаҳарда билим, очиқлик ва тараққиётга интилиш руҳи бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидлади.
Шунингдек, нутқда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшлар ва таълим соҳасига берилаётган юксак эътибор алоҳида қайд этилди. Шайха Ал Новайс давлат раҳбари ёш авлоднинг катта қўллаб-қувватловчиси эканини ва таълим мамлакат келажагини белгиловчи стратегик устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади.