Самарқанд вилояти сессиясида ташкилий масала кўрилиб, келгуси вазифалар белгиланди
Самарқанд вилояти сессиясида ташкилий масала кўрилиб, келгуси вазифалар белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 25 ноябрь куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят жамоатчилиги билан кўришиб турганидан мамнунлигини таъкидлаб, эришилган ютуқлар ва ҳали ишга солинмаган имкониятларга тўхталди.
– Ўзида кўп минг йиллик тарих ва қадриятларни мужассам этган, замонавий меъморчилик анъаналари асосида кундан-кунга чирой очиб бораётган бу улуғ замин дунё цивилизациясида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда, – деди Президентимиз.
Хусусан, “Боқий шаҳар” мажмуаси барпо этилгани, 40 дан зиёд муқаддас зиёратгоҳлар обод бўлгани, “Самарқанд” халқаро аэропорти янгидан қурилгани, ўнлаб халқаро бренд меҳмонхоналар иш бошлагани вилоят туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди.
Самарқанд сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий, туризм ва бизнес марказига, кўплаб йирик халқаро тадбирлар, форум ва анжуманлар учун мулоқот майдонига айланди.
Шу йилнинг ўзида бу ерда 40 дан ортиқ нуфузли халқаро анжуман ташкил этилгани, айниқса, яқинда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилгани чиндан ҳам улкан воқеа бўлди.
Умуман, туризм ва унга турдош соҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция киритилгани учун вилоятга сайёҳлар оқими 2016 йилгидан 7 карра ўсди, туризм хизматларининг экспорти 600 миллион долларга етди.
Бугун вилоят нафақат туризмдаги, балки саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишдаги улкан салоҳияти билан инвестор ва тадбиркорлар учун чинакам жозибадор масканга айланиб бормоқда.
Ўтган саккиз йилда вилоятга 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 600 минг доимий иш ўрни яратилди, тадбиркорлар 2 карра кўпайди.
Ишлаб чиқариш корхоналарининг сони 1,5 баробар, саноат ҳажми 1,7 баробар ўсди. Йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар сони 81 тага етди. 55 та давлатдан хорижий инвесторлар иш бошлади, чет эл иштирокидаги корхоналар сони 700 тага яқинлашди.
Хизматлар йилига ўртача 15 фоиздан ўсяпти, бу йил сервис ҳажми 75 триллион сўмга етади.
Шунингдек, 2024 йил ва жорий йилнинг 10 ойида 15 миллион квадрат метрли уй-жой ва тижорат объектлари барпо этилди. Самарқандлик қурувчилар республика бўйича йилига 4,5 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар қуряпти.
Вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2016 йилда 23 триллион сўм бўлган бўлса, бу йил 120 триллион сўмга етади.
Одамлар вилоятда амалга оширилган ишлар ҳисобига оиласида катта ижобий ўзгаришлар бўлганини айтмоқда.
Масалан, ўтган даврда 2 триллион сўмлик 3 минг 200 километр ичимлик сув ва канализация тармоқлари қурилди.
– Бир сўз билан айтганда, Самарқандни аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳам, туристлар ва инвесторлар учун ҳам жозибадор ҳудудга айлантира олдик, – деди Президентимиз.
Республика туманлари ичида аҳолиси энг кўп Ургутда 600 мингдан ортиқ одам истиқомат қиляпти.
– Ургут тумани узоқ йиллардан бери вилоят қишлоқ хўжалигида етакчи. Адир ва тошлоқ ерда Ургут эркин иқтисодий зонасини ташкил қилганимиз, 860 миллион долларлик 74 та лойиҳа ишга тушгани натижасида Ургут саноатлашган ҳудудга айланди, – деди давлатимиз раҳбари.
Саноат ривожланиши савдо ва сервисга ҳам катта туртки берди. Ҳозир Ургут вилоят саноатида 3-ўринда, сервисда эса 4-ўринда.
Бугун Ургутда яна бир тарихий воқеа – 55 километр темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу тармоқни электрлаштириш ишлари келаси йил тўлиқ якунига етказилади. Бу, аввало, аҳолига янада қулай шароит яратиш билан бирга саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервисда янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Ҳудуддаги аҳоли уй-жой, канализация, ичимлик сув, мактаб, боғча, шифохона, бизнес инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар ечимини анчадан бери кутаётгани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун Президентимиз Ургут марказига “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириб, юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарорни имзолади.
Туманнинг Қуйи Камангарон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилиши эълон қилинди.
Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади.
Янги шаҳарнинг 3 гектар майдонида туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қуриб берилади. Уларнинг бўшаган бинолари эса бизнес учун хусусий секторга таклиф қилинади.
Яна бир янгилик – Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилади. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга ошади.
Шу боис, аҳолиси ва даромади кундан-кунга ўсиб бораётган Самарқанд шаҳрида замонавий уй-жойларга бўлган талабни таъминлаш учун 3 та йирик массив танлаб олинди. Жумладан, “Ширин” массивида 180 минг, “Темир йўлорти” ҳудудида 100 минг, “Қорасув-2” массивида 30 минг аҳоли учун 700 дан ортиқ замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилади.
Бу ерларда мактаб, боғча, олийгоҳ ва шифохона, замонавий бизнес ва савдо маркази, меҳмонхона ва ресторан, кўнгилочар масканлар ҳам қурилади. Испаниялик инвесторлар билан хусусий шериклик асосида ушбу 3 та массивнинг канализация тизими янгиланади.
Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини камайтириш мақсадида Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманидан ўтувчи магистрал йўл бўйида 4 та логистика маркази барпо этилади.
Давлатимиз раҳбари Ургут мисолида имкониятларни таҳлил қилиб, вазирлар ва ҳокимлар олдига кейинги йил учун аниқ вазифаларни қўйди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.
– Биз юртимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётни барқарор ўстириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича катта-катта марра ва режаларни оляпмиз.
Бу ишларни ташкил қилиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, инновацион ечим бера олишга салоҳиятли раҳбар керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.
Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Президентимиз янги ҳокимга у иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ҳамда энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари масъулларнинг ҳисоботлари ва режаларини тинглади.
#Шавкат Мирзиёев