Саидов Люксембургда минтақалараро хавфсизлик масалалари бўйича вазирлар йиғилишида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Люксембургда бўлиб ўтган минтақалараро хавфсизлик ва алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича вазирлар йиғилишида иштирок этди.
Саидов ўзининг Телеграм-каналида Ўзбекистон халқаро транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, инновациялар ва технологиялар алмашинуви платформаларини ривожлантириш, минтақаларда хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни оширишга хизмат қилувчи шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратишда давом этишини таъкидлади.
“Мулоқотларимиз минтақалараро боғлиқлик нафақат инфратузилма, балки ишончни мустаҳкамлаш, инновацияларни рағбатлантириш ва халқларимиз учун умумий фаровонлик яратиш эканини яна бир бор тасдиқлади”, — деди ТИВ раҳбари.
Еврокомиссия маълумотларига кўра, Люксембургдаги йиғилишда Европа Иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова Республикаси, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш икки бўлимдан иборат бўлди: биринчиси Қора денгиздаги хавфсизлик, барқарорлик ва бардошлилик, иккинчиси эса минтақалараро алоқалар кун тартибига қаратилди.
Иштирокчилар минтақалар ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилиб, умумий манфаатларга эга бўлган стратегик соҳаларда ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, барқарорликни ошириш, хавфсиз, алоқадор ва фаровонроқ ҳудудларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидладилар.
Транспорт кун тартибини муҳокама қилишда асосий эътибор Транскаспий транспорт йўлагини мустаҳкамлаш ва Европа Иттифоқи, Қора денгиз мамлакатлари, Туркия, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтиришга қаратилди.
Бундан ташқари, савдо, инновациялар ва муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш учун рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва юқори тезликдаги интернетни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Энергетика соҳасида қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, этказиб беришни диверсификация қилиш ва яшил энергияни ўзлаштиришни жадаллаштиришга эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, хусусий молиялаштиришни жалб қилиш, минтақалараро савдони рағбатлантириш учун бозорларни интеграциялаштириш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилдилар. Бу масала 2025 йил 27 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Инвесторлар форуми ва Транскаспий транспорт коридори кун тартиби доирасида муҳокама этилади.