Россиянинг “Valenta Pharm” компанияси Ўзбекистонда инвестицияларни кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Россия Федерациясининг йирик фармацевтика компанияларидан бири - “Valenta Pharm” вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур компания Ўзбекистон бозорида 30 йилдан ортиқ мудатта фаолият юритиб келмоқда.
Учрашувда компаниянинг мамлакатимиздаги амалдаги фаолияти, истиқболдаги режалари ва янги ташаббуслари муҳокама этилди. Компания вакиллари таъкидлашича, Ўзбекистон улар учун инвестиция киритиш ва ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллийлаштиришда стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади.
Шу билан бирга, маҳаллий бозор эҳтиёжларини қондириш билан бирга, қўшни давлатлар ва бошқа хорижий мамлакатларга маҳсулот экспорт қилиш имкониятлари ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Агентлик директори тақдимот ўтказиб, Ўзбекистонда фармацевтика соҳаси учун давлат томонидан яратилган шароитлар ва берилаётган имтиёзлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Хусусан, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналардаги имкониятлар ҳамда маҳаллий ва халқаро компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Томонлар фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда бу орқали нафақат ички бозорни, балки хорижий бозорларни ҳам таъминлаш юзасидан келишиб олдилар.