Россиянинг машҳур “Ғилдиракдаги ошпазлар” дастури ижодий гуруҳи Ўзбекистонда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда 12-18 сентябрь кунлари Россиянинг “Биринчи канал” телеканалидаги машҳур “Ғилдиракдаги ошпазлар” кўрсатуви ижодий жамоасининг Ўзбекистонга ташрифини уюштирди.
Дастур ижодий жамоаси Ўзбекистоннинг гастрономик ва сайёҳлик салоҳиятини Россияда кенг тарғиб қилиш ҳамда бу мамлакатдан келувчи сайёҳлар сонини янада кўпайтириш мақсадида Самарқанд ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари, сайёҳлик масканлари ва тарихий манзилларига ташриф буюриб, суратга олиш ишларини олиб бормоқда.
Ташриф йўналишидаги ҳар бир шаҳарда ошпазлар маҳаллий ошхона ва анъанавий таомлар билан танишиб, маҳаллий бозорлар ва дўконлардаги маҳсулотлар хилма-хиллигини ўрганмоқдалар. Маҳаллий ошпазлик маданиятидан илҳом олган россиялик ошпазлар ўзларининг пазандачилик дурдоналарини тайёрлашмоқда.
Сафар доирасида ижодий гуруҳ Тошкент вилоятининг Паркент туманига ҳам ташриф буюриб, у ерда ҳаво шарида парвозни амалга оширди. Қушлар парвози баландлигидан лойиҳа иштирокчилари гўзал манзаралар, бетакрор табиат ва тоғ тизмаларининг ҳашаматли кўринишларидан завқ олишди, Ўзбекистон ландшафтларининг гўзаллиги ва хилма-хиллигига яна бир бор амин бўлишди.
Ҳар бир дастур якунида россиялик машҳур ошпазлар ҳақиқий ошпазлик беллашувини уюштиришади. Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг марказий диққатга сазовор жойларида ўз фудтракларини тўхтатиб, маҳаллий таомларнинг ўзига хос вариантларини тайёрлашади, маҳаллий аҳоли эса уларни татиб кўриб, овоз беради ва ғолибни танлайди.
Таъкидлаш жоизки, "Ғилдиракдаги ошпазлар" кулинария шоуси россиялик томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Федерал ва минтақавий оммавий ахборот воситаларида ушбу дастурни томоша қилувчиларнинг умумий сони 18 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади.