Россия ва Ўзбекистон муфтилари Рио-де-Жанейрода ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Рио-де-Жанейрода ўтган «Маънавий Ипак йўли: халқлар ва қитъалар яқинлашувида маънавий-ахлоқий қадриятларнинг роли» VI Халқаро конференцияси доирасида Россия Федерацияси Мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Шайх Равил Гайнутдин ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Россия Мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосарлари — муфтийлaр Рушан Аббясов, Ильдар Галеев ва Динар Гайнетдинов ҳам иштирок этди.
Шайх Равил Гайнутдин ўзбек делегациясига форумда иштирок этгани учун самимий миннатдорлик изҳор қилиб, Россия ва Ўзбекистон мусулмонларини чуқур тарихий ва маънавий анъаналар боғлаб туражагини таъкидлади. У айниқса, совет даврида диний арбоблар тайёрлашда беқиёс ўрин тутган ва жаҳонга машҳур «Мир-и Араб» мадрасасининг аҳамиятини алоҳида қайд этди ва ўзи ҳам ўқишга муяссар бўлган шу даргоҳ ҳақида миннатдорлик билан ёдга олди. Россия мусулмонлари раҳбари Муфтий Холиқназарни Москва Собор масжидини зиёрат қилишга ва жума намозини бошлаб беришга таклиф этди.
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар эса таклиф учун миннатдорлик билдириб, навбатдаги «Маънавий Ипак йўли» конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Унда диний, таълимий, илмий ва маърифий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувлар мустаҳкамланди. Хусусан, илоҳиёт тадқиқотлари бўйича қўшма лойиҳалар, диний таълим соҳасида тажриба алмашиш, ёшлар ва мигрантлар билан ишлаш, экстремизмнинг олдини олиш, шунингдек, қўшма конференциялар, семинар ва илмий тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳужжатнинг имзоланиши Россия ва Ўзбекистон мусулмонлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ҳурмат ва маънавий бирликка асосланган ака-укача алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.