Рақобат қўмитаси суюлтирилган газ қимматлашувини импорт ўсиши билан боғлади
Рақобат қўмитаси суюлтирилган газ қимматлашувини импорт ўсиши билан боғлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобатни ривожлантириш қўмитаси Ўзбекистон ички бозорида суюлтирилган газ нархларининг ошиш сабабларини изоҳлаб, қимматлашувни маҳаллий маҳсулот улушининг қисқариши ва қимматроқ импорт етказиб беришга бўлган талабнинг ортиши билан боғлади.
Идора маълум қилишича, 2025 йил давомида биржа савдолари орқали 358 минг тонна суюлтирилган газ сотилган. Ушбу ҳажмнинг 219 минг тоннаси ёки 61 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарилган газ ҳиссасига тўғри келган, қолган 39 фоизи эса импорт бўлган.
Шу билан бирга, йил бошида маҳаллий газ улуши тахминан 80 фоизга етган бўлса, август ойидан бошлаб у пасайишни бошлаган. Декабрь ойига келиб бу кўрсаткич 35 фоизга, 2026 йил январь ойида эса 10 фоизгача тушган. Бунга асосий сабаб маҳаллий газнинг асосан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжлари учун йўналтирилгани бўлган.
Қўмита маълум қилишича, йил давомида маҳаллий суюлтирилган газ нархи деярли ўзгаришсиз қолган.
Амалдаги харид ҳажми бўйича чекловлар — 1 та савдо сессиясида 5 тн харид лимити ўрнатилганлиги ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи 1 тн учун 7 млн сўмдан ошмаган.
Таққослаш учун, импорт гази бир тоннаси 8 миллион сўмгача бўлган нархда сотилган.
Бироқ, сўнгги ойларда ички бозорда импорт маҳсулот улуши ва талабнинг ошиши ҳисобига биржа савдоларидаги ўртача нарх импорт маҳсулот ҳисобига шаклланмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли бугунги кунда 1 тн суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда, декабрга нисбатан ўсиш 20 фоиз.
Рақобат қўмитаси бозордаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича чоралар кўраётганини, жумладан, автогаз қуйиш шохобчаларидаги нархларни доимий мониторинг қилиб боришни маълум қилди.
Шунингдек, идорада қайд этилишича, мамлакатда автотранспорт воситаларининг атиги 11 фоизи суюлтирилган газдан фойдаланади, унинг автомобиль ёқилғиси умумий ҳажмидаги улуши эса тахминан 5 фоизни ташкил этади.