Рақобат қўмитаси “Maksimum Sement”га нисбатан иш қўзғатди — бренддан ноқонуний фойдаланиш учун
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Karakalpak sement” МЧЖ ўзининг товар белгисидан бошқа бир корхона (“Maksimum sement” МЧЖ) рухсатсиз фойдаланганидан норози бўлиб қилган мурожаати белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди.
Мазкур ўрганишлар давомида: “Maksimum sement” МЧЖ ҳақиқатдан ҳам “Karakalpak sement” МЧЖга тегишли товар белгисидан фойдалангани ва бу ҳолат “Karakalpak sement” МЧЖнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатаётгани;
Шунингдек, “Maksimum sement” МЧЖ 2025 йил июнь ойида 50 кг деб қадоқланган цемент маҳсулотини аслида 48 кг қилиб вазнлаб сотган. Бу эса истеъмолчиларни алдаш ва улардан асоссиз равишда пул олиш ҳолати сифатида баҳоланиб, умумий ҳисобда 1 миллион 560 минг сўм миқдорида ортиқча даромад олганлиги аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Maksimum sement” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, “Рақобат тўғрисида” ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг талаблари бузилган деб топилди. Ишни кўриб чиқиш якуни юзасидан истеъмолчилардан ортиқча олинган 1 560,0 минг сўм пул маблағи белгиланган тартибда қайтарилиши ҳамда корхонага тегишли тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.