Рақобат қўмитаси давлат харидларида 9,2 млрд сўмлик қоидабузарликларни аниқлади
Рақобат қўмитаси давлат харидларида 9,2 млрд сўмлик қоидабузарликларни аниқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан давлат харидлари соҳасида амалга оширилган мониторинг ва келиб тушган мурожаатларни ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари кўриб келинмоқда.
Наманган вилоятида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Мингбулоқ тумани бўлими 376 млн сўмлик харидни амалга оширган. Қашқадарё вилоятида Ғузор тумани ободонлаштириш бошқармаси тахминан 1,2 млрд сўмлик, «Шаҳрисабз туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси эса 491 млн сўмлик харидни ўтказган.
Қорақалпоғистон Республикасида Шуманой тумани ободонлаштириш бошқармасида 28 млн сўмлик, «Нукус Мурувват» аёллар интернатида 893 млн сўмлик ҳамда «ЎЗДАВЕРЛОЙИҲА» давлат илмий-лойиҳа институти филиалида 1 млрд сўмдан ортиқ миқдорда қоидабузарликлар аниқланган.
Самарқанд вилоятида вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази 215 млн сўмлик, Сирдарё вилоятида чиқиндилар полигонларини бошқариш дирекцияси 180 млн сўмлик харидни амалга оширган.
Сурхондарё вилоятида Республика суд-тиббий экспертиза маркази филиали 120 млн сўмлик, Ангор тумани халқ таълими бўлими тахминан 1,8 млрд сўмлик, Термиз тумани халқ таълими бўлими эса 50 млн сўмлик харид ўтказган.
Хоразм вилоятида Хива шаҳри ихтисослаштирилган интернати 1,9 млрд сўмлик харидни амалга оширган.
Тошкент вилоятида «ЎЗБЕКИСТОН ТЕХНОЛОГИК МЕТАЛЛАР КОМБИНАТИ» АЖ ҳар бири 1 млрд сўмдан ошган учта харидни ўтказган.
Энг яхши таклифларни танлаш савдоларини ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Юқоридагиларга мувофиқ, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари билан буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.