Рақамли технологиялар вазири Жанубий Корея элчиси билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жанубий Кореянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён билан учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида рақамли технологиялар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида рақамлаштириш йўналишида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, уни янада ривожлантириш истиқболлари катта аҳамият касб этади.
Элчи яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Давлат хизмати форуми ҳақида ижобий фикр билдириб, электрон ҳукумат соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни тобора яхшиланиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
Учрашувда Корея – Ўзбекистон рақамли маркази лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Элчи ушбу лойиҳа доирасида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, уни келгусида янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Вазир эса марказ фаолияти мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш ва халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Шерзод Шерматов рақамлаштириш соҳасида 2030 йилга қадар Ўзбекистонни жаҳоннинг ТОП-30 давлатлари қаторига киритиш мақсад қилинганини билдирди. У бу мақсадларга эришишда Жанубий Корея билан яқин ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Учрашувда, шунингдек, Кореянинг етакчи IТ компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш масалалари ва бу борада элчихонанинг кўмаги муҳим аҳамиятга эга экани муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, INHA университети фаолиятини янада ривожлантириш ва унинг таълим сифатини ошириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.