Қурилиш материаллари соҳасига 1,4 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил январь–август ойларида Ўзбекистон қурилиш саноатида 34,6 трлн. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди, маҳсулот экспорти эса 675,4 млн. долларни ташкил этди.
Шу давр мобайнида соҳада 1 млрд. 485 млн. долларлик инвестиция ўзлаштирилди, шунингдек, локализация дастури доирасида 3,0 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги №53-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилги инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси инвестиция дастури доирасида 20 та лойиҳа бўйича 195,7 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштиришни назарда тутган.
Оператив маълумотларга кўра, жорий йил январь–август ойларида 150,2 млн. долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди (режа — 138,5 млн. доллар, бажарилиш даражаси — 108,4 фоиз).
Маълумот учун, 2025 йил январь–сентябрь ойларида Уюшма зиммасига бириктирилган лойиҳалар бўйича Давлат инвестиция дастури доирасида 143,3 млн. долларлик инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, январь–сентябрь якунига кўра 150,2 млн. долларлик ўзлаштириш кутилмоқда, бу эса режанинг 104,8 фоизини ташкил этади.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мисоли сифатида: «Prime ceramics» қўшма корхонаси керамик плитка ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасини амалга оширмоқда, лойиҳа қиймати 12,5 млн. доллар бўлиб, шундан 2025 йилда 6,5 млн. долларлик маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун «Asaka Bank» акциядорлик тижорат банки томонидан 6,0 млн. доллар кредит ажратилган.