Валюта курслари 21/11/2025
$1 – 11914.67
UZS – 0.03%
€1 – 13735.23
UZS – -0.36%
₽1 – 148.27
UZS – 0.53%
Қидириш
Қўқон шаҳри учун туризм концепцияси ишлаб чиқилади

Қўқон шаҳри учун туризм концепцияси ишлаб чиқилади

Қўқон шаҳри учун туризм концепцияси ишлаб чиқилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Қўқон шаҳридаги ўрганишларини давом эттирди.

Қўқон юртимизнинг қадимий ва бой маданиятга эга ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерда ҳанузгача кўплаб тарихий обидалар ва қадамжолар асраб-авайлаб келинмоқда.

Ҳўқанди Латифда туризм маршрутларини шакллантириш, маданий мерос объектларини таъмирлаш ва сайёҳлар учун замонавий шароитларни яратиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ўрганишлар давомида вилоят ҳокими томонидан туризм соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Исфара гузар ва Қаймоқли гузар МФЙ ҳудудларида жойлашган тарихий Зинбардор жоме масжиди, Ҳамза Ҳакимзода уй-музейи, шунингдек, Қўқон хонлиги даврига оид турар-жойлар кўздан кечирилди. “Миён ҳазрат” мадрасаси, қадимий мадраса ва Муқимий музейининг ҳолати ўрганилди.

Вилоят ҳокими ушбу объектларнинг тарихи ҳақида маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Маҳаллаларни туризм кўчаларига айлантириш, бино ва иншоотларни асраб-авайлаш, реставрация ишларини амалга ошириш, ҳунармандлар марказларини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди.

Қўқонда давлат муҳофазасидаги кўплаб тарихий бинолар мавжуд бўлиб, улардан туризм маршрутларини ташкил этишда самарали фойдаланиш учун аниқ концепция ва амалий режалар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада Қўқон тарихини яхши биладиган мутахассислар билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Бундан ташқари, “Қўқонсой” атрофини ободонлаштириш, ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, туристларга хизматлар сифатини яхшилаш, инвестор ва тадбиркорларни жараёнларга жалб этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар якунида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган барча йўналишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва улар ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш топшириғи берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг