Валюта курслари 22/12/2025
$1 – 11996.14
UZS – -0.21%
€1 – 14051.08
UZS – -0.3%
₽1 – 148.54
UZS – -1.26%
Қидириш
Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлиги масалалари муҳокама қилинди

Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлиги масалалари муҳокама қилинди

Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлиги масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 22 декабрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида мамлакатимиз Қуролли Кучларини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга оид масалалар юзасидан Мудофаа вазирлиги тизимида олиб борилаётган ишлар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати тўғрисида мудофаа вазирининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти - Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича белгилаб берган вазифаларнинг сўзсиз ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги тизимида самарали ишлар олиб борилган. Бунинг натижасида мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳияти юқори даражага кўтарилган.

Миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини оширишда асосан замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари қўшинларга татбиқ этилган.

Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Исроил, Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби 10 дан ортиқ илғор хорижий давлатлар армиялари тажрибасини ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлигига оид янги тизим ишлаб чиқилиб, идоралараро қўшма қарор билан жорий этилган.

Бунда жанговар шайлик даражаси оптималлаштирилиб, қўшинларни жанговар шайликка келтириш муддати 1,2 маротаба қисқартирилган.

2025 йилда фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳамда хизмат муддатини ўтаб бўлганларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тадбирлари режали амалга оширилган.

Мудофаа ишлари бўлимлари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган фуқароларнинг 89,4 фоизи иш билан таъминланган.

2025 йилда 385 нафар ҳарбий ходим имтиёзли ипотека кредитлари асосидаги янги хонадонлар, 178 нафари эса хизмат уйлари билан таъминланган.

Мудофаа вазирлигига бириктирилган 14,6 мингдан зиёд “Алоҳида ишлаш талаб этиладиган ёшлар” билан ўтказилган профилактик-тарбиявий тадбирлар натижасида қарийб 3,5 минг ёшлар муддатидан аввал профилактик ҳисобдан чиқарилган.

Мудофаа вазирлиги тизимида 2025 йилнинг ўтган даврида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти тизимли йўлга қўйилган.

2025 йилнинг 11 ойида Мудофаа вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 3 157 та мурожаат келиб тушган, шундан 1 222 таси ижобий ҳал этилган, 1 358 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган ва 90 таси ўрганиб чиқилмоқда.

Шунингдек, вазирлик тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими таркибида жорий йил 1 ноябрдан “Call center” бўлинмаси ташкил этилиб, бир ойда келиб тушган жами 857 та мурожаатларнинг
722 таси оғзаки ҳал этилган, 135 таси ўрганиб чиқилмоқда.

Муҳокама якунида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кўриб чиқилган масалалар юзасидан аниқ таклифлар акс этган қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг