Қобулда Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Афғонистон тадбиркорлари учрашди
Қобулда Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Афғонистон тадбиркорлари учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17-23 ноябрь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарлигидаги 100 га яқин ишбилармонлар делегацияси амалий ташриф билан Афғонистон Ислом Амирлигида бўлиб турибди.
18 ноябрь куни Қобул шаҳрида “Имом Абу Ҳанифа — 4-миллий ва халқаро кўргазма ва савдо ярмаркаси” доирасида ташриф буюрган хорижий давлатлар ва Афғонистон хусусий сектор вакилларининг бизнес учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Афғонистондан 130 нафар, Ўзбекистондан 80 нафар, Эрондан 30 нафар, Ҳиндистондан 20 дан ортиқ ва Туркманистондан 10 нафар тадбиркор иштирок этди.
Учрашувлар озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, энергетика ва маиший техника каби йўналишларда ташкил этилди.
“Бизнес ҳамкорларни топиш бўйича конференция”нинг очилиш маросимида Афғонистон савдо ва саноат вазири Нуриддин Азизий, шунингдек, Афғонистон ва қатор давлатлар палата раҳбарлари иштирок этди.
B2B форматида ўтган музокаралар давомида савдо ҳамкорлигини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, инвестициявий ташаббусларни илгари суриш ҳамда Афғонистон бозорида экспорт имкониятларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар 36,05 миллион АҚШ долларлик дастлабки келишувларга эришишди.
Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси ўртасида икки мамлакат ҳудудида “Савдо уйлари”ни ташкил этиш ва Палата ваколатхоналарини очиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Кўргазма доирасидаги учрашув ва музокаралар изчил давом этмоқда.