Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи енгиллаштирилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи енгиллаштирилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи енгиллаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда бу соҳа таркибий жиҳатдан ислоҳ қилиниб, самарадорликни ошириш чоралари кўрилди. Пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилди. 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.

Лекин қишлоқ хўжалигида ҳамон яширин иқтисодиёт улуши юқори. Етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси ҳам ҳисоботларда қайд этилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда.

Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган эди. Давлатимиз раҳбари бу борада деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш, солиқ юкини енгиллаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берганди.     

Шунга мувофиқ, Халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, келаси йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада бўлади.

Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади.

Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.

Умуман, бу енгилликлар соҳа вакилларининг шаффоф ишлашига туртки беради, жойларда йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади.

Мутасаддиларга бу янги тизимни деҳқон ва фермерларга тушунтириб, самарали йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг