Қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш кенгаяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 31 июль куни қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.
Бу кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишининг мантиқий давоми. Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилар экан, давлатимиз раҳбари ердан унумли фойдаланиш, самарадорликни ошириш йўлларини кўрсатган эди.
Бунинг учун аниқ ҳисоб-китоб ва таҳлил жуда зарур. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбеккосмос” агентлиги шундай имконият бермоқда. 2024 йил 14 октябрдаги Президент фармонига мувофиқ, иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологиялар жорий этилмоқда.
Жумладан, бу қишлоқ ва сув хўжалигидаги ҳақиқий ҳолатни, камчиликларни очиқ-ойдин кўрсатиб бераяпти. Икки йил мобайнида соҳада фойдаланилаётган 4 миллион гектардан зиёд ерлар космик мониторинг қилинди. Аниқланишича, ҳисоботларда кўрсатилган айрим майдонларда пахта экилмаган, баъзан эса захирадаги ёки эгаси номаълум ерларга экилган.
Шу боис давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини масофавий мониторинг қиладиган тизим йўлга қўйилиши белгиланди.
Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллигидан келиб чиқиб, юртимизда кам сув талаб қиладиган янги навлар ва агротехнологияга ўтилмоқда. Лекин экинларни суғоришда сув сарфи меъёри ҳозирги ҳақиқатдаги талабга жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилди. Гидромодул районлаштириш ёндашуви ҳам эскирган. Оқибатда каналлар охирида жойлашган 3 мингдан зиёд фермерга сув етиб бормаяпти.
Қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги илмий институтларни жалб қилган ҳолда суғориш меъёри ва гидромодул районлаштиришни тўлиқ янгилаш вазифаси қўйилди.
Фермерлар сарфлаётган сувнинг ҳалигача аниқ ҳисоби йўқлиги қайд этилиб, бунинг барча босқичларини рақамлаштириш, сувнинг контурма-контур ҳисобини юритиш зарурлиги таъкидланди.
Сув омборлари сиғими ҳам лойиҳавий қуввати бўйича ҳисобланиб келинар эди. Сўнгги икки йилда 60 та йирик сув омбори илк бор батиметрик таҳлилдан ўтказилди. Лойқа чўккани сабабли айримларининг сиғими камайгани аниқланди.
Шу боис барча сув омборларига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиб, сув миқдорини онлайн кузатиш, улардаги лойқани камайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
– Ер билан сув қишлоқ хўжалигимиз тақдирини ҳал қилувчи масала, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозир фермерлар ер, кредит, субсидия ва агрохизматлар бўйича 30 дан ортиқ платформадан фойдаланяпти. Буни осонлаштириш учун улар бирлаштирилиб, “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси ишга туширилади.
Энди даласига нима экишни фермернинг ўзи ҳал қилади. Буни платформага ҳам унинг ўзи киритади. Натижада асосий, такрорий ва тўқсонбости экинлар миқдори олдиндан кўринади. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги, нарх-наво барқарорлиги ва деҳқонларнинг даромадида жуда муҳим.
Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров бошчилигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комиссия тузилиши белгиланди. Етишмаётган маҳсулотни кўпайтириш учун имтиёзли кредит ва субсидия берилади.
Соҳада учувчисиз аппаратлардан фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда. Кузда 100 дан зиёд замонавий дрон олиб келинади. Мутасаддиларга хусусий секторни жалб этиб, фермерларга дронлар ёрдамида хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.
Сомонпояларни ёқишга чек қўйишнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги айтилди.
Космик тадқиқотларда қурилиш, кадастр, норуда конлари, ўрмон ва яйлов ерлари бўйича ҳам таҳлиллар борлиги таъкидланиб, вазирлар ва ҳокимларга уларни ўрганиб, режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
#Шавкат Мирзиёев