Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизими такомиллаштирилади
Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизими такомиллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида (Университет) ўқиш қуйидаги шаклларда ташкил этилади: дуал таълим асосида 6 ой муддатга назарий таълимдан ажралган ва жойига чиққан ҳолда ташкил этиладиган малакавий амалиёт ва қолган бакалавриат таълим йўналишларида йил давомида назарий таълим билан бирга тўлиқ уйғунлаштирган “4+2” шаклдаги амалиёт.
2026 йил 1 майдан: Университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари ҳудудларга бириктирилади. Бунда етакчи профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси ҳисобланади ва талабаларнинг сайёр дарслари қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар ва ҳудудлардаги “Сувчилар мактаби” базасида ташкил этилади.
Университетда Истиқболли лойиҳалар офиси (Лойиҳа офиси) ташкил этилади.
Университет ҳузурида 2026/2027 ўқув йилидан маҳаллий ва хорижий талабалар учун академик фанлар бўйича (STEAM, тил билимлари, академик ёзиш ва миллий стратегик мезонлар) махсус тайёрлов курси ташкил этилади. Бунда:
махсус тайёрлов курсида ўқиш бир йил муддатга халқаро стандартларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб махсус тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган шахслар (тайёрлов курсидаги ўқиш даври якунига кўра ўзлаштириш баҳолари “5 (аъло)” ва “4 (яхши)” бўлган битирувчилар) Университетга имтиҳон асосида тўлов-контракт билан ўқишга қабул қилинади.
Университетга “техникум–олийгоҳ” тамойили асосида Тошкент геодезия ва картография техникуми (Техникум) бириктирилади. Техникум биносида Университет таркибига кирувчи Умуммуҳандислик факультети ташкил этилади.
Университетдаги “Сув дипломатияси” магистратура мутахассислиги “Халқаро сув дипломатияси” мутахассислигига ўзгартирилади.
“Халқаро сув дипломатияси” магистратура мутахассислиги битирувчиларига “Халқаро сув муносабатлари соҳасида мутахассис” квалификацияси берилади.