QAZAQ AIR Туркестон – Самарқанд йўналишидаги парвозларни октябрь охиригача узайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — QAZAQ AIR (VietJet Qazaqstan) авиакомпанияси Туркестон – Самарқанд – Туркестон йўналишидаги парвозлар дастурини 2025 йил 25 октябргача узайтирганини маълум қилди.
1 сентябрдан бошлаб парвозлар янгиланган жадвал асосида амалга оширилади: жума ва якшанба кунлари Туркестондан учиш маҳаллий вақт билан 12:45 да амалга оширилиб, Самарқандга 14:15 да етиб келади. Қайтиши эса Самарқанддан 15:05 да бўлиб, Туркестонга 16:30 да етиб боради. Йўлкира нархи бир томонга 14 000 тенгеден бошланади.
Бундан ташқари, йўловчилар учун транзит парвозлар ҳам таклиф этилмоқда. Астанадан чиқиш 09:30 да, Туркестонда тўхтаб ўтиш орқали Самарқандга етиб келиш 14:15 да режалаштирилган. Қайтиши эса Самарқанддан 15:05 да бошланиб, Астанага 19:20 да етиб боради. Бу йўналишдаги чипта нархи 41 000 тенгеден бошланади.
Авиакомпания маълум қилишича, мазкур йўналиш Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари орасида барқарор талабга эга. Шу сабабли парвозлар куз мавсумигача узайтирилди.
Мунтазам ҳаво қатновлари икки давлат ўртасидаги туризм, маданият ва бизнес соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.