Qazaq Air авиакомпанияси 7 ноябрь куни Остонадан Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси жорий йилнинг 7 ноябридан бошлаб Остона - Самарқанд - Остона йўналиши бўйича тўғридан тўғри мунтазам рейслар йўлга қўйилишини эълон қилди.
Янги йўналиш Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги саёҳатларни янада қулай қилишга, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик, ишбилармонлик ва маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Парвозлар ҳафтасига икки марта - жума ва якшанба кунлари амалга оширилади. Йўналишнинг йўлга қўйилиши қўшни давлатлар ўртасидаги авиақатновларни кучайтиради, сайёҳлар, тадбиркорлар ва талабалар учун қўшимча имкониятлар яратади. Бу, шунингдек, туризм, савдо, таълим ва маданий ташаббусларни ривожлантиришга янги туртки беради.