Qanot Sharq авиакомпанияси Тошкент ва Лондон ўртасида мунтазам рейсларни йўлга қўйди
Qanot Sharq авиакомпанияси Тошкент ва Лондон ўртасида мунтазам рейсларни йўлга қўйди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 15 декабрь куни “Qanot Sharq” авиакомпаниясининг “Тошкент – Лондон – Тошкент” йўналишида илк парвози Буюк Британиянинг Гатвик халқаро аэропортида амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу биринчи рейс муносабати билан ташкил этилган расмий тадбирда Буюк Британия фуқаро авиацияси маъмурияти, Гатвик халқаро аэропорти, “Qanot Sharq” авиакомпанияси раҳбарияти ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.
Элчихона ташаббуси билан юртимизга Буюк Британиядан сайёҳларни жалб этиш, ушбу мамлакат билан савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида турли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, элчихона томонидан юртимизда фаолият юритувчи “Qanot Sharq” авиакомпаниясига Буюк Британияга мунтазам ҳаво қатновларини амалга ошириш учун Бирлашган Қироллик фуқаро авиацияси маъмуриятининг тегишли рухсатномаларини олиб беришда амалий кўмак кўрсатилди.
“Qanot Sharq” авиакомпанияси ҳафтасига икки марта (душанба ва пайшанба кунлари) “Тошкент – Лондон – Тошкент” йўналиши бўйича парвозларни амалга оширади. Мазкур рейслар “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан ҳафтасига уч марта ушбу йўналишда амалга оширилаётган парвозларга (сешанба, жума ва якшанба кунлари) қўшимча бўлиб, натижада икки мамлакат ўртасидаги умумий рейслар сони ҳафтасига 5 тага етди.
Жорий йил январь-ноябрь ойларида Буюк Британиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 25 мингдан ошди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23% га кўтарилган.