Пробация назоратини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди
Пробация назоратини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ҳамда “Пробация тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан пробация назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий тартиблари белгилаб қўйилмоқда.
Хусусан, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган шахсларга нисбатан шартли озод қилишни бекор қилиш ва уларни жазони ўташ учун юбориш ёки қўшимча мажбуриятлар юклаш тартиблари белгиланмоқда. Шу билан бирга, ўз зиммасидаги мажбуриятларни масъулият билан бажариб келаётган шахсларга нисбатан ушбу мажбуриятларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш бўйича судга тақдимнома киритиш имконияти ҳам назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган шахслар хулқ-атворини самарали назорат қилишга, суд томонидан белгиланган талабларни бажармаган шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришга, қонунга итоаткорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва қайта жиноят содир этилиши ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.