Президентимиз Юнусобод туманидаги йирик савдо маркази фаолияти билан танишди
Президентимиз Юнусобод туманидаги йирик савдо маркази фаолияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида жойлашган “Юнусобод галереяси” савдо, хизмат кўрсатиш ва бизнес марказига ташриф буюрди.
Икки ярим гектар майдонни эгаллаган ушбу йирик мажмуада 53 минг квадрат метрдан зиёд савдо ва тижорат майдонлари ташкил этилган. 14 миллион долларлик хорижий инвестиция ҳисобига қатор хорижий брендлар ўз фаолиятини йўлга қўйган.
Умуман олганда, мажмуада 100 дан ортиқ савдо нуқталари очилиб, 500 га яқин иш ўринлари яратилган. Марказга йилига 2,5 миллион нафаргача ташриф буюрувчи келиши кутилмоқда.
Лойиҳа қиймати 43 миллион доллар бўлган ушбу мажмуанинг архитектура-дизайн ечими жорий йил МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган халқаро меъморчилик танловида биринчи ўринни эгаллаган.
Президент шу ерда очилган китоб дўконида нашриётлар вакиллари ҳамда китобхон ёшлар билан суҳбатлашди.
Китоб савдосини ривожлантириш, умуман олганда мутолаа маданиятини болаликдан бошлаб кенг оммалаштиришнинг муҳимлиги, шунингдек, илмий ва бадиий адабиётлар нашрини кенгайтириш, бу борада нашриётларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Пойтахт фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди.
– Барча соҳаларда эришилаётган натижалар, аввало, юртимиздаги тинчлик ва халқимиз ҳамжиҳатлиги самарасидир. Пойтахтимиз кун сайин обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда. Буни чет элдан келаётган меҳмонлар ҳам алоҳида эътироф этмоқда. Бирдамликда гап кўп. Унинг илдизи, энг аввало, маҳаллаларимизда. Адолатли баҳони ҳам халқнинг ўзи, шу маҳалла беради. Шунинг учун одамларни рози қилишга қаратилган ишларимизни энг қуйи бўғиндан бошладик, – деди Президент.
Марказга ташриф доирасида давлатимиз раҳбарига шу ерда фаолият юритаётган “Unicon-Soft” IT компанияси фаолияти тақдим этилди.
Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида яратилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар натижасида давлат бошқарувини рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимини ривожлантириш каби кўплаб йўналишларда миллий дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг иштироки изчил кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилишнинг асосий йўналишлари белгиланган.
Ушбу жараёнга Юнусобод туманида фаолият юритаётган “Unicon-Soft” компанияси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 2017 йилда ташкил этилган корхона шу кунга қадар республика бўйлаб 70 дан ортиқ дастурий тизим ишлаб чиққан ва жорий этган.
Компаниянинг барча ҳудудлар ҳамда 208 та туман (шаҳар)ларда ахборот тизимларини жорий қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича филиаллари мавжуд. Уларда 1,5 мингдан ортиқ ходим фаолият юритмоқда, шундан 80 фоизини ёшлар ташкил этади.
Айни пайтда “Unicon-Soft” томонидан рақамлаштириш йўналишида дастурий ва техник воситалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, божхона фаолиятини рақамлаштириш, шунингдек, “Рақамли маҳалла” платформасини жорий этиш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари компаниянинг ушбу йўналишдаги лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Миллий IT маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ёшларнинг сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, давлат идораларида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, Президентимиз Рихсилий кўчасида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва замонавий инфратузилмани кўздан кечирди.
Кўчанинг икки километрлик қисмида муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси тубдан янгиланди. Шунингдек, 24 соат фаолият юритадиган савдо, умумий овқатланиш ҳамда кўнгилочар объектлар ташкил этилди. Натижада 650 та янги иш ўрни яратилди.
Ҳудудда кунига ўртача 35 мингга яқин автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Буни инобатга олган ҳолда, аҳоли хавфсизлиги ва ҳаракат қулайлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Жумладан, 39 минг квадрат метр пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Юзга яқин видеокузатув камералари ҳамда ўнга яқин фавқулодда чақирув тугмалари ўрнатилди.
#Шавкат Мирзиёев