Президентимиз пойтахтимиздаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида бўлди.
Мамлакатимизда ижтимоий давлат, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Ушбу қадриятлар асосида барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, меҳр ва кўмак тизими аҳолига яқинлаштирилмоқда.
Марказда 12 тоифадаги муҳтож инсонларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Бунинг учун муассасада замонавий шароитлар яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, эҳтиёжни баҳолаш, хизматни белгилаш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари инсонларга қулай тарзда йўлга қўйилган.
Энг муҳими, эндиликда вазифа бир марта ёрдам билан тугамайди. Ижтимоий хизматдан фойдаланувчининг кейинги ҳолати, ўзини ўнглаши ҳам мониторинг қилиб борилади. Мазкур барча жараёнлар рақамлаштирилган ва дахлдор ташкилотлар билан боғланган.
Шайхонтоҳурдаги марказда 25 нафар мутахассис ҳамда маҳаллаларда 51 нафар ижтимоий ходим фаолият кўрсатмоқда. Ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар, ёлғиз кексалар билан манзилли тарзда иш юритилмоқда.
- Бу ер ҳар бир инсоннинг дарди билан яшайдиган, уларни рози қиладиган даргоҳ. Бу тизим орқали жамиятимизда ижтимоий адолат, инсон қадри қарор топади, - деди Президентимиз.
Шу ерда давлат-хусусий шериклик асосида “Имкониятлар олами” муассасаси ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари ундаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Муассасада 3 ёшгача гўдаклар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Ҳозирда бу 80 га яқин инсоннинг оғирини енгил қилмоқда. Уларга 12 нафар малакали ходим меҳр-эътибор кўрсатмоқда.
#Шавкат Мирзиёев