Валюта курслари 15/10/2025
$1 – 12185.11
UZS – 0.29%
€1 – 14081.11
UZS – -0.04%
₽1 – 152.58
UZS – 1.42%
Қидириш
Президент замонавий ечимлар асосида янгиланган кўчани кўздан кечирди

Президент замонавий ечимлар асосида янгиланган кўчани кўздан кечирди

Президент замонавий ечимлар асосида янгиланган кўчани кўздан кечирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида бўлиб, Шота Руставели кўчасида амалга оширилган реконструкция ишларини кўздан кечирди.

Йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш аҳоли сони мунтазам ошиб, ҳудуди кенгайиб бораётган Тошкент учун долзарб масала. Шу боис, равон йўллар, муаззам кўприклар қурилиб, мавжудлари замон талабларига мос таъмирланмоқда.

Шота Руставели кўчаси пойтахтимизнинг бир неча туманларини боғловчи марказий йўлдир. Транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида унинг Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр қисми реконструкция қилинди.

Эндиликда 10 та қатнов қисмига бўлинган йўлнинг 6 та тасмасида автомобиллар, махсус ажратилган 2 та йўналишда автобуслар ҳаракатланади.  Қолган 2 та йўлак эса автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган

Президентимиз давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда автобусда юриб, қулайликларни кўрди, йўловчилар билан самимий суҳбатлашди.

Кўча ўртасида ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, BRT (Bus Rapid Transit) тизими асосида ажратилган автобус йўлаги Тошкент шаҳрида биринчи бор амалиётга татбиқ қилинди. Бу жамоат транспорти қатновини тезлаштириб, йўловчиларга қулайликларни яхшилади.

Умумий қиймати 19,2 миллион долларлик ушбу лойиҳа натижасида йўловчи оқими соатига 2 минг 500 дан 6 минг кишига ортди. Шунингдек, суткасига 40 мингта автомобиль ўтказиш имконияти яратилиб, ўртача тезлик соатига 23 километрдан 30 километрга етказилди.

Энг муҳими, бу ўзгаришлар натижасида хавфсизлик даражаси ошиб, йўл-транспорт ҳодисалари камаяди.

Лойиҳа доирасида автобуслар тўхташи учун 21 та янги бекат, 463 та “ақлли” светофор  ўрнатилди. Интеллектуал транспорт тизими жорий этилди. Йўл бўйида автомобиллар тўхтаб туриши учун ҳам шароит инобатга олинган.

Шунингдек, велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, суғориш ва дренаж тизимлари барпо этилди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида алоҳида ажратилган автобус йўлакларини узайтириш, шаҳар атрофида транспорт боғламалари ташкил этиш лойиҳалари тақдимот қилинди.

– Агар метро йўллари қурмаганимизда, янги автобуслар олиб келмаганимизда бугун Тошкентда транспорт қатнови қийин бўларди. Шунинг учун одамларни рози қилиш нуқтаи назаридан йўлларни тўғрилаяпмиз, жамоат транспортини ривожлантиряпмиз. Бундай ишларни барча шаҳарларимизда давом эттирамиз, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга жамоат транспорти учун қулайликларни ошириб, тирбандликни камайтириш, шаҳарни Янги Тошкент билан самарали боғлаш борасида топшириқлар берди.

Шота Руставели кўчасининг янги қиёфаси нафақат пойтахт кўркини оширди, балки Тошкентнинг замонавий ва интеллектуал транспорт тизимига қадам қўйганини намоён этади.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг