Президент: Хоразмнинг туризм экспорт салоҳияти 2 миллиард долларни ташкил этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бошланди.
“Хоразм – шонли тарихимиз билан янги ислоҳотларимиз туташган чорраҳа, десак муболаға бўлмайди. Логистика занжирларидан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда ўтган йили “Кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш учун барча асосларимиз бор”, - деди давлатимиз раҳбари.
2024 йили вилоятда 7 минг янги тадбиркор иш бошлади, 47 та корхона кичикдан ўртага ўтди, 10 дан ортиқ тадбиркорнинг айланмаси 200 миллиард сўмдан ошди. Буларнинг ҳисобига вилоятда бир йил ичида 290 минг аҳоли ишли бўлди.
Лекин, катта ўзгаришларга қарамасдан вилоятда камбағаллик ҳали ҳам 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз экани, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган атиги 1 та корхона борлиги қайд этилди.
Шу боис, вилоят раҳбарияти, 13 та туман ҳокими ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмадаги муаммоларни ҳал қилиш учун қатъият ва масъулият билан ҳаракат қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Мамлакатимизда туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келиши таъкидланди. Лекин бу тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Ўтган йили фақат 1,3 миллион хорижий турист келган ва экспорт 400 миллион долларга ҳам етмаган.
Ваҳоланки, масъулларда Хоразмни минтақадаги етакчи туристик марказлардан бирига айлантириш учун имкониятлар етарли экани қайд этилди.
Вилоятда жами 263 та маданий мерос объекти мавжуд. Бундан самарали фойдаланиб, туризм хизматларини ташкил этаётган тадбиркорлар кўп. Лекин, Хива шаҳри, Хива ва Янгиариқ туманлари ҳокимлари салоҳияти юқори 14 та объектни тадбиркорлар билан туристик масканга айлантириш бўйича ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, Хоразмдаги кўплаб маданий ёдгорликлар ҳали ўрганилмай турибди. Ҳазораспдаги “Сулаймон қалъа”, Боғотдаги “Қалажик қалъа” каби тарихий масканлар, Янгиариқдаги “Хон боғи”, “Олма отишган қалъа” тарихий объектлари ҳақида маълумот кам.
Шу мақсадда ташкил этилган Ўзбекистон тарихчилар жамиятининг Хоразм бўлими фаолияти давлат бюджетидан таъминланиши белгиланди.
Мутасаддиларга чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий обидаларни аниқлаш ва тиклаш бўйича амалий ишларни бошлаш топширилди.
Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади. Ушбу қалъалар атрофида мастер-режа асосида хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.
Вилоятда гастрономик туризмни ривожлантириш учун ҳам катта салоҳият борлиги таъкидланди.
“Арда Хива” мажмуасига вилоятлардан биттадан ресторатор олиб келиш, Хива шаҳрининг Мевастон ва Газчи маҳаллаларида бир неча ресторанлардан иборат 2 та замонавий “фуд-корт” ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Миллий таомларимизни хорижда танитаётган рестораторлар қўллаб-қувватланади.
Мутасаддиларга хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни йўлга қўйиш топширилди.
Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.
Шу муносабат билан Мевастон маҳалласида 6 гектар ерда Ҳунармандчилик маркази ташкил этилади.
Ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.
Вилоятда бирорта халқаро брендли меҳмонхона йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Хоразмда янги қурилган меҳмонхоналарни субсидиялаш давом эттирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига йил якунигача 2,5 минг ўринли 40 та меҳмонхонани ишга тушириш, шундан камида 2 таси бренд меҳмонхона бўлиши шартлиги қайд этилди.
Сайёҳлар иссиқ кунларда вилоятда сузиш ҳавзалари етишмаслигини айтишади. Шу боис меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар ҳудудида бассейн қуриш харажатининг бир қисми ҳам қоплаб берилади.
Хоразмда хитой, араб, япон, испан тилини биладиган гид, официант, савдо ва сервис ходимларига ҳам талаб ошмоқда. Гид-экскурсаводлар асосан инглиз, рус ва француз тилларида хизмат кўрсатади. Кўрсатилаётган хизматлар сифати, ходимларнинг этикаси бўйича ҳам саволлар кўплиги қайд этилди.
Шунинг учун Хива туризм техникумида йилига 100 нафар гид, яна шунча сервис ходимини камида 5 та талаб юқори тилга ўқитиш зарурлиги таъкидланди.
Хоразмда туризмнинг жадал ривожланиши учун энг катта тўсиқ, бу – транспорт экани қайд этилди.
Урганчга Россия, Туркия, Италия, Испания ва Франциядан авиақатновлар қўйилгани натижа берди. Лекин, рейс йўқлиги учун Германия, Хитой, араб давлатларидан минглаб турист йўқотилаяпти.
Мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан-тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширилди.
Урганч аэропорти Кореянинг Инчхон аэропортига хусусий шерикликка берилмоқда. Ушбу аэропорт миллий меъморчилик анъаналарига мос ҳолда реконструкция қилинади.
Масъулларга ишлар бошланишини кутиб ўтирмасдан, Корея авиакомпанияларини жалб қилиш, самолёт ва аэропортдаги сервис ходимларини малака ошириш учун Кореяга юборишни бошлаш, янги ўқув йилидан Хоразмдаги транспорт ва сервис техникумларида Корея тажрибаси асосида кадр тайёрлашни йўлга қўйиш топширилди.
Маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи “Ҳаво йўллари” ва “Силк авиа” авиакомпанияларига тўғри келади. Қолган 14 та рейсни 4 та маҳаллий авиакомпания амалга ошираяпти.
Сабаби, ички рейслар жозибадор эмаслиги учун хусусий компаниялар асосан хорижга қатнаяпти. Ички бозорда рақобат бўлмагани учун, Тошкент-Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат.
"Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради", - деди Президент.
Шу муносабат билан мутасаддиларга хусусий компанияларни жалб қилиб, Тошкентдан Урганчга қатновларни 2 карра ошириш топширилди.
Барча резидент компанияларга ички рейсларни субсидиялаш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, дам олиш кунлари поездлар таркибига қўшимча вагон улаб, йўловчи ташишни 1,5 баробарга кўпайтириш топширилди.
Қорақалпоғистондан Хоразмга келадиган йўл сифати ёмонлиги боис йилига қўшимча 300-400 минг турист жалб қилиш имконияти йўқотилаётгани қайд этилди.
Масъулларга “Урганч – Гурлан – Манғит” йўлини реконструкция қилиш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокара ўтказиш, 10 та туманни ўзаро боғловчи ички йўлларни таъмирлаш учун Осиё инфратузилма ва инвестиция банкидан 75 миллион доллар жалб қилиш топширилди.
Хоразмнинг 13 та туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари туризм ва сервис бўйича илғор тажрибани, муҳитни ўрганиш учун Испания, Италия, Франция каби давлатларга юборилиши белгиланди.
Кейинчалик бу тизим барча туризмга ихтисослашган ҳудудларда жорий қилинади.
Умуман, жорий йилда Хоразмда жами 200 миллион долларлик 91 та лойиҳани ишга тушириш; 2 миллион хорижий ва 10 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиб, туризм экспортини 700 миллион доллардан ошириш; туризм ва хизматлар соҳасида 100 мингта янги иш ўрни яратиш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши белгиланди.
Йиғилишда иқтисодий комплекс масалалари кўриб чиқилди.
Вилоятда 2025 йилда:
- камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 60 триллион сўмдан ошириш;
- ишлаб чиқаришни 6,5 фоиз, савдо ва хизматларни 15 фоизга ўстириш;
- 265 минг аҳолини банд қилиб, 104 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш;
- айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларни 50 нафарга, 500 миллиард сўмдан ошганини 10 нафарга етказиш асосий вазифа бўлиши белгиланди.
“Энг асосийси, бу ишларнинг натижасини одамлар кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак”, - деди Президент.
Хусусийлаштириш дастурига асосан 2025 йилда Хоразмда 41 та давлат биноси, 350 гектар ер участкаси савд
Сўнгги саккиз йилда Хоразмда мебель саноати 3 карра ўсгани таъкидланди. Ўтган йили 311 та корхона қарийб 300 миллиард сўмлик мебель ишлаб чиқарди. Мебелчиликка ихтисослашган 9 та маҳаллада 2 мингдан ортиқ аҳоли банд.
Хонқадаги 10 гектар ерда “Мебелчилик зонаси” ташкил этилди, 5 та маҳалладаги мебелчилар ушбу зонага кўчиб ўтди. Бу ерда устоз-шогирд амалиётини йўлга қўйиш бўйича 3 қаватли ўқув биноси ҳам қурилди.
Мебелчилик мактаби учун хориждан дизайнер, маркетолог, инженер-технолог олиб келиш топширилди.
Мебель корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун четдан ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.
Вилоятда йилига 16 минг янги оила пайдо бўлаяпти, 7 мингдан зиёд хонадон қурилаяпти, яна шунчаси таъмирдан чиқарилаяпти. Шу муносабат билан маҳаллий мебелчиларни янги қурилаётган уй эгалари ва девелоперлар билан боғлайдиган тизим яратилади.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт масалалари муҳокама қилинди.
“Ҳозир жаҳондаги мураккаб шароитда ким инновация ва инвестиция жалб қилса, ўша ғолиб бўлаяпти”, - деди Президент.
Жорий йилда Хоразмда:
- 900 миллион долларлик 12 та йирик, 480 та ҳудудий лойиҳани ишга тушириш;
- 65 турдаги маҳсулот, 5 турдаги ускуна ишлаб чиқаришни бошлаб, маҳаллийлаштириш ҳажмини 1,7 триллион сўмга олиб чиқиш;
- 510 миллион долларлик экспортни таъминлаш;
- хорижий инвестицияни 1,5 миллиард долларга етказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йилги инвестицияларнинг ярмидан кўпи Урганч шаҳри, Қўшкўпир ва Урганч туманига тўғри келган.
Лекин инфратузилмаси яхши Гурланда атиги 40 миллион доллар, 250 гектардан ортиқ саноат зонаси бўлган Ҳазораспда 30 миллион доллар, 2 мингдан ортиқ тадбиркори бўлган Хонқада 10 миллион доллар инвестиция бўлганига эътироз билдирилди.
Шу боис, бу туман ҳокимлари ўзгартирилган эди. Янги раҳбарлар учун бу йил синов бўлиши қайд этилди.
Қўшкўпирдаги 175 гектарда “Ўзбекистон – Хитой технопарки” ташкил қилинмоқда. Бу ерда 1 миллиард долларлик 16 та инвестиция лойиҳалари бўлади.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида ҳам барча шароити бўлган тайёр ер бўш турибди. Бу ерга юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларни жойлаштириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Яқин йилларда мис ишлаб чиқариш 2 карра ошиши кутилмоқда. Ҳозирдан тайёргарлик кўриб, мисдан экспортбоп тайёр маҳсулот чиқарадиган янги қувватлар яратиш лозимлиги қайд этилди. Чунки Хоразм Европа бозорига чиқишда қулай логистикага эга.
Вилоятда худди Оҳангарондаги каби мисни қайта ишлаш кластери ташкил қилиниши белгиланди.
Хоразмда кимё саноати бўйича катта-катта лойиҳалар режа қилинган. Уларни амалга ошириш орқали тармоқ вилоятнинг “драйвери”га айлантирилади.
Шу йил Тупроққалъада 10 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасини қуришнинг (МТО) 1-босқичи бошланади. Бунда йилига 2 миллион тонна 14 турдаги юқори қўшилган қийматли базавий полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, Ҳазораспдаги 10 гектарда кимё технопарки ташкил этилади, у ерда полимер маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича 100 миллион долларлик лойиҳалар бўлади.
Хоразмдаги 663 та қурилиш материаллари корхонаси ўтган йили 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, вилоятнинг “драйвер” тармоқларидан бирига айланди.
Буни янада кўпайтириб, 100 миллион долларлик 40 та лойиҳани бошлаш, бу йил ишлаб чиқаришни 1,5 триллион сўмга етказиш вазифаси қўйилди.
Словакия компанияси Тупроққалъага 10 миллион доллар киритиб, 500 гектар қумли ерни ўзлаштиришни бошлади.
Ушбу инвестор 170 миллион доллар ҳисобига яна 4,5 минг гектар қумли ерни фойдаланишга киритиб, рапс ўсимлигини экиш ва ундан
биоэтанол ишлаб чиқаришни режа қилган.
Масъулларга бу лойиҳа учун зарур кўмакни кўрсатиш топширилди.
Президент Тупроққалъадаги “Дамас” заводи бўйича катта янгиликни айтди. Бу заводда 100 миллион доллар ҳисобига бозорда катта талабга эга арзон автомобиль ишлаб чиқариш бошланади.
Автомобиль Евро-5 экологик стандартига жавоб беради, 7 ўриндиққа эга бўлади.
Мутасаддиларга жорий йилда ҳамкорлар билан музокарани якунлаб, кейинги йилда йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқаришни бошлаш, 2027 йилда тўлиқ циклга ўтиб, маҳаллийлаштиришни 50 фоизга олиб чиқиш топширилди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йилда вилоятда 60 миллион долларлик 56 та лойиҳани ишга тушириш, 3 минг 400 гектар ерларни қайта фойдаланишга киритиш, 31 километр катта канал ва 1 минг 600 километр ички ариқни бетонлаштириш, 1 минг 200 гектар саноатлашган мевали боғларни ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Экин экишда сувни иқтисод қилиш бўйича Хоразм ўз тажрибасини яратгани эътироф этилди. Ерларнинг 93 минг гектари лазерли текислашга ўтган, 196 минг гектарга сув тежовчи технология ўрнатилган.
Ушбу ишлар ҳисобига йилига 1 миллиард куб метр сув иқтисод бўлмоқда.
Жорий йилдан шоли майдонларини лазерли текислаш учун гектарига 1 миллион сўмдан субсидия бериш бошланди. Энди бу пахта ва ғалла майдонлари учун ҳам жорий қилиниши белгиланди.
ога қўйилмоқда.
“Бу хизмат кўрсатиш, туризм ва ишлаб чиқариш соҳалари учун катта имконият”, - деди давлатимиз раҳбари.
Масалан, Урганч шаҳридаги ўрганишлар натижасида 61 минг квадрат майдони, 21 гектар ери бўлган 45 та давлат биноси аниқланди. Улар негизида меҳмонхона, хизмат кўрсатиш ва савдо марказлари, кўнгилочар масканлар қуриб, камида 500 кишини банд қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Хива шаҳрида фақат туристларга хизмат кўрсатадиган объектлар бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Ангарик маҳалласидаги бўш майдонда маъмурий бинолар қурилиб, Хива шаҳридаги барча давлат ташкилотлари шу ерга кўчирилади.
Австриянинг “Bauer” компанияси билан Хоразмда 7,5 минг гектарда ёмғирлаб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.
Бундай технология синов тариқасида республикадаги 24 та фермернинг 2,5 минг гектар майдонида жорий қилиниб, сув сарфи 40 фоизга, ўғит сарфи 35 фоизга, қўл меҳнати 90 фоизга камайиб, ҳосилдорлик 25 фоизга ошган.
Бунда фермерларга жами 15 миллион евролик ёмғирлатиб суғориш техникалари тайёр ўрнатилиб, лизинг асосида сўмда йиллик 2,5 фоиз ставкада 10 йил муддатга берилади.
Австрия техникалари учун 10 йилга кафолат берилади ва мутахассислар бепул ўқитилади.
Мутасаддиларга бу йил 1,5 минг гектарда 2 миллион евролик лойиҳани тажриба қилиб, келгуси йили буни 7,5 минг гектарда жорий қилиш топширилди.
Хоразмлик фермерлар таннархни тушириш учун изланиб, янгилик қилаётгани таъкидланди.
Масалан вилоятдаги 10 тадан ортиқ фермер 100 миллион сўм сарфлаб, ўзининг тракторига замонавий автопилот ўрнатган. Техникаларга автопилот ўрнатиш учун имтиёзли кредит линия очилиши белгиланди.
Республикадаги насосларнинг 21 фоизи Хоразмда жойлашган.
Хонқалик фермер насосни электр билан таъминлаш учун ўтган йили 200 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, йиллик 120 миллион сўм электр харажатини иқтисод қилди, қўшимча 53 миллион сўмлик электрни тармоққа сотди.
Барча 2 минг 138 та насосни шу тизимга ўтказиб, Хоразм тажрибасини яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Қўшкўпирда сув йўқлиги учун ишлатилмаётган 165 гектар майдонда тадбиркорлар коллектор сувидан фойдаланиб, балиқ етиштириш таклифини билдирган.
Бу таклиф маъқулланиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда қурилиш ва инфратузилма соҳаларидаги вазифалар муҳокама қилинар экан, жорий йилда Хоразмда:
- 12 триллион сўмлик пудрат ишларини бажариш, қурилишда 20 минг нафар аҳолини банд қилиш;
- 7 минг хонадонли 200 та кўп қаватли уй қуриш;
- 1,5 минг километр йўл ва 20 та кўприкни реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
- 80 та автобус олиб келиб, 6 та янги йўналишни ишга тушириш мақсад қилиб олинди.
Вилоятдаги ичимлик суви тармоғининг 16 фоизи ва канализация тармоғининг 27 фоизи ярим аср олдин қурилгани боис, реконструкцияга муҳтожлиги кўрсатиб ўтилди. Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларининг канализация тизими янгиланиши керак.
Бу ишлар учун жорий йилда 1,1 триллион сўм ажратилиб, тез фурсатда Урганч, Хива, Питнак шаҳарлари ва Гурлан тумани марказидаги оқова сув тизимини реконструкция қилиш бошланади.
Мутасаддиларга йил якунигача 101 километр сув ва канализация тармоғи, 6 та сув иншооти қуриш, халқаро молия ташкилотларидан Хоразмнинг барча туманларидаги оқова тизимига яна 85 миллион доллар жалб қилиш топширилди.
Урганч шаҳрининг ўзида 100 та замонавий автобусга эҳтиёж борлиги қайд этилди.
Тадбиркорлар билан биргаликда бу йил 80 та, кейинги йил яна 20 та замонавий автобус ва 50 та микроавтобус олиб келиниши, Қўшкўпир, Хонқа, Янгибозор, Хива шаҳрида 4 та янги автостанция қурилиши, йил якунигача 10 та янги замонавий троллейбус харид қилиниши белгиланди.
“Бухоро-Хива” темир йўлини электрлаштириш якунланди. Натижада йўловчи ташиш 500 мингдан 3,3 миллионга, юк ташиш 1,1 миллион тоннадан 5,8 миллион тоннага етади.
Мутасаддиларга келгуси йилда 6 та тезюрар электропоезд олиб келиш топширилди. Натижада Тошкентдан Урганчга етиб келиш 14 соатдан 7 соатга, Бухородан Хивагача эса 6 соатдан 3 соатга қисқаради.
2025 йилда Гурланда янги темир йўл вокзали қурилиши, Ҳазораспдаги вокзал реконструкция қилиниши белгиланди.
Боғот, Гурлан Хонқа, Янгибозор, Ҳазорасп ва Урганч туманида 49 та маҳалла инфратузилмасини яхшилашга халқаро молия ташкилотларидан 61 миллион доллар жалб қилинади.
Бундан ташқари, жорий йилда 70 та оғир маҳаллага тадбиркорлик инфратузилмаси учун бюджетдан 233 миллиард сўм ажратилди. Бунга қўшимча яна 10 та маҳаллани танлаб олиб, 15 миллиард сўм йўналтириш топширилди.
Хоразм гужумини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳалла, кўча, дала чети, йўл бўйларида, канал ва коллекторлар атрофида 10 миллион туп гужум экиш бўйича уч йиллик дастур қилинади. Бу ерларда тут ва жийда ҳам кўпайтирилади.
Президентимиз ижтимоий соҳага алоҳида тўхталиб ўтди.
Жорий йилда юқори технологик жарроҳлик амалиёти улушини 35 фоизга етказиш, техникумлардаги 6 минг битирувчининг бандлигини таъминлаш, техникум ва олийгоҳларнинг 7 минг талабасини дуал таълимга қамраб олиш, олий таълимнинг муҳандислик, тиббиёт, иқтисодиёт, аграр йўналишидаги 7 та таълим дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Урганч шаҳридаги тиббиёт олийгоҳида йилига 1 минг 600 нафар врач тайёрланади, 500 та хусусий клиника фаолият юритаяпти. Лекин, сервисдаги тиббий хизматлар улуши 2 фоизга ҳам етмайди.
Шу муносабат билан йил якунигача Шовот ва Янгиариқда соғломлаштириш хизматларини ташкил қилиш топширилди.
Урганч туманидаги Адолат, Қўшкўпирдаги Ифтихор, Ҳазораспдаги Янгибозор маҳаллаларидаги мактаблар иккидан юқори коэффициентда фаолият юритаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга бу ерда хусусий мактаб очиш ёки қўшимча бино қуриш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Бу йили вилоятдаги 359 та боғчани сув иситиш тизими гелиоколлекторлар билан жиҳозланиши, 420 та ижтимоий объектдаги мингдан ортиқ эскирган иситиш қозонлари янгиланиши белгиланди.
“Хоразм аҳли ҳурматини қозонган машҳур аёл раҳбарлардан бири бўлган Шакаржон Хўжаниёзова 8 йил олдин оламдан ўтган эди. Мен Шакаржон опани кўп йиллардан буён жуда яхши билар эдим. Ҳар сафар Хоразмга келганимда самимий мулоқот қилардик.
У инсон эл-юрт ташвиши, ўз касбига садоқат билан яшадилар. Ҳалол ва фидокорона меҳнатдан бир дақиқа ҳам тўхтамадилар”, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари шу йил 12 июнь куни Ш.Хўжаниёзованинг 70 йиллик юбилейини Хоразм вилоятида кенг нишонлашни таклиф этди.
Боғотдаги кўчалардан бирига ва ўзи асос солган бадиий гимнастика мактабига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилади.
Вилоятдаги фаол хотин-қизлар ўртасида Хўжаниёзова номидаги раҳбар аёллар танлови ўтказилади. Жасоратли ва меҳнаткаш аёл сифатида Ш.Хўжаниёзованинг ҳаёти кенг ёритилади.
#Шавкат Мирзиёев