Валюта курслари 16/12/2025
$1 – 12130.01
UZS – 0.27%
€1 – 14245.48
UZS – 0.36%
₽1 – 153.04
UZS – 0.84%
Қидириш
Президент: Тошкентда аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2200 долларгача етди

Президент: Тошкентда аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2200 долларгача етди

Президент: Тошкентда аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2200 долларгача етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.

Сўнгги йилларда пойтахтимизда улкан ўзгаришлар юз бергани таъкидланди.

Ўтган тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга тушди. Жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 2017 йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларга ошди.

Шаҳарда тижорат майдонлари 14 карра кўпайиб, 67 миллион квадрат метрга етди, тадбиркорлар сони 140 мингга яқинлашди.

Бунёдкорлик ишлари, янги қурилган савдо-сервис ва кўнгилочар объектлар “тунги иқтисодиёт”ни ривожлантирди. Туну кун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 3 мингдан ошди.

“Шаҳар пиёдалар учун” тамойили асосида маҳалла ва кўчаларда ижобий ўзгаришларни одамлар кундалик ҳаётида сезаётганини ўзлари айтмоқда. Тошкентга 1 мингта замонавий электробус ва автобус олиб келиниб, 168 та янги йўналиш очилди. Қўшимча 33 километр метро линияси ва 21 та янги станция қурилди. Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусободдаги 1 миллионга яқин аҳолига метро хизматлари яқинлашди.

Уй-жойлар қуриш кўлами ҳам кескин ошди. Авваллари Тошкентда йилига кўпи билан 2-2,5 минг хонадон қурилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич ўртача 15,5 мингдан ошди.

Сўнгги уч йилда 3,5 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, пойтахт аҳолиси ва тадбиркорларнинг электр таъминотини яхшилаш бошланди. Келаси йили ҳам бу мақсадларга яна 1,5 триллион сўм берилади.

Умуман, пойтахт иқтисодиёти охирги тўққиз йилда 2,5 баробар ўсиб, жорий йил 27 миллиард долларга етади. Аҳоли жон бошига даромад эса 4,4 минг доллардан 8,6 минг долларга кўпайди.

Натижада камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизга, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизга пасаяди. Яъни Тошкент шаҳрида камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушади.

Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 миллиард долларга етказиш, жон бошига даромадни қарийб 2 карра ошириб, 15 минг долларга етказиш режа қилинган.

Ушбу марраларга эришиш учун шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 12 та туман ҳокими тинимсиз изланиши, шаҳар уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим ва тиббиёт, сервис инфратузилмаларини дунёнинг замонавий мегаполислари андозаси асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, шундай мегаполисларда раҳбар бўлган мутахассисларни ҳокимга маслаҳатчи қилиб олиб келиш бўйича таклиф маъқулланди.

Уларнинг кўп йиллик тажрибасидан фойдаланиб, Тошкент шаҳрини молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш кераклиги қайд этилди.

Шу билан бирга, пойтахтимизда ҳали ечимини кутаётган масалалар кўплиги қайд этилди.

“Энг аввало, шаҳар аҳолисини ташвишга солаётган экология, юқори даромадли иш ўринлари яратиш ва сифатли бошқарув масаласида шаҳар масъуллари ёндашувини ўзгартириши зарур”, – деди Президентимиз.

Мисол учун, Юнусободда беш йилда 500 минг квадрат метр йирик савдо комплекслари барпо этилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми жорий йилнинг ўзида 76 триллион сўмга етди. Шайхонтоҳур, Чилонзор, Мирзо Улуғбек туманларида ҳам катта ўзгаришлар бор.

Лекин Яшнободдаги «Технопарк»да юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун ҳали катта салоҳият борлиги таъкидланди. Янгиҳаётдаги “Тошкент индекс” лойиҳасида эса қурилган 6,5 мингта савдо объектининг ярмидан кўпи бўш тургани қайд этилди.

Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига тадбиркорларга шароит яратиб берса, биргина шу лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш орқали яна камида 10 мингта иш ўрни ташкил қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Тошкент шаҳрида яширин иқтисодиёт улуши 9,5 фоизни ташкил қилаётгани, мутасаддилар уни қисқартириш билан тизимли шуғулланиши шартлиги таъкидланди.

Шота Руставели кўчасида БРТ йўлаги ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида автомобиль туннели ишга туширилди.

Лекин Кичик ҳалқа йўли, Катта ҳалқа йўли, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шаҳрисабз, Махтумқули, Оҳангарон кўчаларидаги тирбандликдан аҳоли норози экани кўрсатиб ўтилди.

Тошкент шаҳри аҳолиси йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳисобига 100 мингдан зиёд мактаб ва боғча ўринларига эҳтиёж бор.

“Энди пойтахтда бошқарув ўзгаради. 2026 йил Тошкент шаҳри учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили бўлади. Бу ғояни рўёбга чиқариш бўйича катта дастур амалга оширилади”, – деди давлатимиз раҳбари.

Келгуси йилда жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни 3 минг, 2027 йилда эса 3,5 минг долларга етказиш учун пойтахт туманлари 3 та йўналишда ривожлантирилиб, 2026 йилда 9 миллиард доллар, икки йилда 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади.

Сергели, Янгиҳаёт, Бектемирда юқори технологик саноат ва логистика соҳалари “ўсиш нуқтаси” бўлади.

Жумладан, келаси йили Сергелида майдони 120 минг квадрат метр бўлган 70 миллион долларлик замонавий агрологистика ва омборхона ишга туширилади.

Янгиҳаётдаги “Янги авлод” саноат зонасида электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик ва озиқ-овқат соҳасида 2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ерда Бирлашган Араб Амирликларининг “ДП Ворлд” компанияси замонавий логистика тизимини йўлга қўяди.

Ушбу саноат зонаси Янгиҳаёт ва Бектемирдаги 640 гектар ҳисобидан кенгайтирилади. Бунинг ҳисобига умумий қиймати 3 миллиард долларлик экология талабларига мос ва юқори технологик янги лойиҳаларни бошлаш топширилди.

“Янги авлод” саноат зонаси бошқарувига илғор хорижий компанияни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Янгиликлар янгиланмоқда

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг