Президент Сирдарё вилоятининг ютуқларини таъкидлаб, 2026 йил учун мақсадларни белгилаб берди
Президент Сирдарё вилоятининг ютуқларини таъкидлаб, 2026 йил учун мақсадларни белгилаб берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
“Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида амалга ошираётган ислоҳотларимиз натижаси барча вилоятлар қаторида Сирдарёдаги улкан ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган бу заминда саноат, сервис, туризм йўқдан бор бўлди, бизнес муҳити яхшиланиб, илғор тадбиркорлар синфи шаклланди”, – деди давлатимиз раҳбари.
Саккиз йилда Сирдарёга 4 миллиард доллар инвестиция киритилди. Бу даврда 187 та йирик қувватлар ишга тушди, 120 минг иш ўрни яратилди. 50 га яқин янги маҳсулот чиқариш йўлга қўйилиб, саноат 4 триллиондан 25 триллион сўмга етди.
Минглаб савдо-сервис объектлари ташкил қилингани натижасида хизматлар ҳажми 1,5 триллиондан 12 триллион сўмга ошди.
Олдин дотацияли бўлган Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Мирзаобод, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманлари харажатини ўзи қоплашга ўтди.
Сирдарё туманида келгуси йилда хитойлик ҳамкорлар билан автомобиль ишлаб чиқариш бўйича 122 миллион долларлик лойиҳа ишга тушади.
Яқинда Қозоғистон билан Сирдарё туманидаги Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси марказига старт берилди.
Ушбу марказ ҳудудида 300 миллион долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йил 1-чорак якунида иш бошлайди, 2026 йилда яна 720 миллион долларлик 40 та янги лойиҳалар жойлаштирилади.
Ўтган йили томорқани ишга солиш, кичик саноат ва сервис орқали одамларнинг даромадини ошириш бўйича янгича ишлаш тизими Сайхунободдан бошланган эди.
Тумандаги 13 минг хонадонда томорқадан самарали фойдаланиш ҳисобига ойлик даромад бир неча баробарга кўпайди. Маҳаллалардаги 1,8 минг хонадонда 5-6 сотихли, яна 622 тасида 2-3 сотихли иссиқхоналар қурилди. Бир ярим йилда 700 та янги тадбиркор иш бошлади, 15 минг ишсиз доимий даромадга эга бўлди, 1,5 минг оила камбағалликдан чиқди.
“Қилса бўлар экан! Мана, энг «оғир» туманлардан бири бўлган Сайхунободда бугун ҳаёт, одамларнинг кайфияти қандай ўзгарганига гувоҳ бўляпсизлар”, – деди Президентимиз.
Сирдарёда боғча, мактаб, шифохона ўринларини кўпайтириш, электр, сув, канализация ва йўлларни яхшилаш бўйича ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди.
Биргина мисол, шу йилнинг ўзида Сирдарё аҳолисининг турмушини яхшилаш учун 100 миллион доллар берилди.
Натижада 47 та мактаб, 45 та боғча, 31 та тиббиёт муассасаси, 5 та спорт ва маданият маскани тўлиқ таъмирдан чиқарилиб жиҳозланди.
Шунингдек, 87 километр тармоқ тортилгани учун Гулистон шаҳридаги 22 минг хонадонга ичимлик сув узлуксиз боряпти.
Йил якунигача яна 9 километр янги тармоқ ўтказилиб, Мирзаобод, Сардоба, Боёвут, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳридаги 12 минг хонадон доимий ичимлик сув билан таъминланади.
Бу ишлар давом эттирилиб, вилоятдаги электр, йўл, сув, канализация ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун келаси йил яна 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди.
“Халқимиз яхши яшасин, фарзандлари замонавий билим ва касб эгалласин, даромади кўпайсин деб ҳаракат қиляпмиз. Мен аминман, яна бир-икки йил қаттиқ излансак, Сирдарёда жуда катта ўсиш, ривожланиш бўлади.
Вилоятда мана шундай ишларни ташкил қилиш учун қатъиятли, талабчан, энг асосийси, аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган масалаларга тезкор ечим топадиган салоҳиятли раҳбар керак”, – деди давлатимиз раҳбари.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Президентимиз аҳоли ва тадбиркорларнинг фикрини ўрганиб, Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажараётган Эркин Турдимовни тавсия этишга қарор қилганини қайд этди.
Вилоят фаолларининг фикрлари тингланиб, ҳокимни тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Эркин Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Ҳоким Сирдарёни ривожлантириш бўйича режаларини ҳаётга, аҳоли турмуш тарзига кўчириб, вилоятни энг илғор ҳудудлардан бирига айлантириш учун келаси йил вилоятга жами 3 миллиард доллар инвестиция киритиш, экспортни 500 миллион долларга етказиш, 185 минг одамни банд қилиш бўйича қаттиқ ишлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Сирдарёда саноат, сервис, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳудуд иқтисодиётига инновация ва замонавий технологиялар олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда вилоятда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ишга туширилган 500 миллион долларлик 31 та корхонада 5 минг аҳоли юқори даромадли ишларда меҳнат қиляпти.
Хитойлик ҳамкорлар билан яна 700 миллион долларлик 40 та лойиҳа бўйича ишлар жадал кетмоқда.
Янгиер, Гулистон ва Ширин шаҳарлари, Сирдарё, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Ховос ҳисобидан Сирдарё эркин саноат зонаси ҳудудини 1 минг 80 гектарга кенгайтирилди.
Эндиликда саноат зонасининг ҳар бир қарич ерида фақат ва фақат юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларнинг жойлашиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоят ва туман ҳокимлари саноат зонасига қўшиб берилган 1 минг гектарда камида 4 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаши муҳим экани кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун лойиҳаларнинг самарадорлигини ҳисоб-китоб қилиб, инвесторларга тақдимот қилиш учун Сирдарё, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Ховос туманлари, Янгиер, Гулистон, Ширин шаҳарлари ҳокимларидан иборат делегацияни Хитойга юбориш топширилди.
Бунда қурилиш материаллари бўйича Хитойнинг Сзянсу, Шандун ва Гуандун провинциялари, кимё саноатида Тянсзин шаҳри, электротехникада Фусзян, Гонконг, енгил саноатда Шандун ва Шинжон, фармацевтикада Шанхай, Сзянси ҳудудлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Хитойнинг Синдао шаҳрида “Хитой – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” махсус иқтисодий пилот зонасидаги имтиёзлар, уларни қўллаш механизмлари, амалга оширилаётган лойиҳаларни пухта ўрганиб, Гулистон шаҳрида камида 5 минг иш ўринли “Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” савдо ва саноат зонасини ташкил қилиш топширилди.
Бу ердаги объектлар тайёр лойиҳа сифатида тадбиркорларга саноат ипотекаси ёки лизинг асосида тақдим этилади.
Гонконг махсус административ райони ҳам жуда катта инвестициявий ва молиявий имкониятларга эга экани таъкидланиб, мутасаддиларга Гонконгдаги йирик компанияларни Сирдарёга таклиф қилиш ҳамда инвестиция форумини ўтказиш, Сирдарё вилояти ва Гонконг ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Тошкент шаҳридаги саноат корхоналари босқичма-босқич пойтахтдан ташқарига кўчирилмоқда.
Уларнинг кўпчилиги меҳнат ресурси, инфратузилмаси бор, ер-мулк солиғи арзонроқ бўлган жойларни изламоқда.
Бу борада Сирдарё эркин иқтисодий зонасида бўш турган ерларга пойтахтдаги мавжуд қувватларни жойлаштириш учун жуда катта имконият борлиги таъкидланди.
Шу боис, Тошкент шаҳридаги корхонасини Сирдарёга кўчирмоқчи бўлган тадбиркорлар учун саноат зонасидаги ерлар соддалаштирилган тартибда, чегирма билан таклиф этилади.
Уларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Хомашёни темир йўли орқали ташишда арзонлаштирилган тарифлар қўлланади.
Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган 1 минг 140 та саноат корхонасидан 129 таси паст қувватда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу корхоналар бутловчи ва эҳтиёт қисмни асосан четдан ёки республиканинг бошқа ҳудудидан олиб келаётгани учун таннарх бўйича рақобатлаша олмаяпти.
Агар бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқарилиб, кооперация йўлга қўйилса, таннархни бемалол 10 фоизгача камайтириш мумкинлиги қайд этилди.
Шу боис, «Фаровон» кичик саноат зонасига туташ 200 гектарда бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш таклифи қўллаб-қувватланди. Ушбу ҳудуд темир йўл бўйида жойлашгани, электр тармоғи ўтгани учун инфратузилмага қўшимча маблағ талаб қилинмайди.
Вилоят ҳокимлигига бу ерда 800 миллион долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини бошлаш топширилди.
Вилоятдаги ўрта ва йирик корхоналарнинг аксарияти Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод, Мирзаобод туманлари ва Гулистон шаҳрига тўғри келади.
Мазкур корхоналарни электр билан таъминлайдиган «Феруз» подстанциясининг қуввати 2 карра оширилса, тадбиркорлар яна 200 миллион долларлик янги лойиҳаларни қилиш ташаббусини билдирган.
Мутасаддиларга ушбу подстанцияда 2 та 250 мегаваттли трансформатор ўрнатиб, қувватини ошириш топширилди.
Умуман, саноатдаги имкониятлардан фойдаланиб, вилоятда 25 минг юқори даромадли иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқаришда камида 7 фоиз ўсишга эришиб, 30 триллион сўмга етказиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда тадбиркорлик ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш муҳокама қилинди.
2026 йилда вилоят инфратузилмасини яхшилашга 1,5 триллион сўм, тадбиркорлик лойиҳалари учун 10 триллион сўм ресурс бериш режалаштирилган. Шунинг 753 миллиард сўми маҳаллалар шароитини яхшилаш учун илк бор Сирдарё вилояти ва туман буджетларига ажратилмоқда.
Эндиликда бу маблағни ҳар бир туман ва маҳаллада тадбиркорликнинг ривожланишига мустаҳкам замин бўладиган инфратузилма лойиҳаларига йўналтириб, иш ўрни ва аҳоли даромадини кўпайтириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу ишларнинг ташкил қилиниши Сирдарё туманидаги Тинчлик, Элобод, Дўстлик, Улуғбек, Камолот маҳаллалари мисолида тушунтирилди.
Халқаро аҳамиятдаги йўлларнинг 241 километри Сирдарёнинг 7 та туманидан ўтгани сервис ва логистикани ривожлантириш учун катта имконият.
Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон ва Боёвутни Бекобод билан боғлайдиган 74 километрни реконструкция қилишни бошлаш топширилди. Бу юзлаб савдо-сервис объектлари, кафе-ресторан, дам олиш жойларини ишга туширишга имкон беради.
Гулистон шаҳридан ўтувчи «Дўстлик» канали бўйидаги 67 гектарда йирик савдо-кўнгилочар мажмуа барпо этилиши эълон қилинди.
Гулистон туманининг Соҳилобод ва Аҳиллик, Сирдарё туманининг Камолот маҳаллалари ҳудудида ҳам жами 360 гектарда йирик дарё бўйи экотуризм комплекслари ташкил қилинади.
“Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашувлар, самарали ечимларни жорий қилиш учун доим изланиш, ўрганиш ва тажриба орттириш жуда муҳим”, – деди Президентимиз.
Шу боис, 11 та туман ҳокимининг биринчи ўринбосарларини Пекиндаги Камбағалликка қарши курашиш бўйича халқаро марказда амалиёт ўташини ташкил қилиш топширилди.
Шунингдек, сирдарёлик 50 нафар ёшни Пекин шаҳрига жўнатиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича курсларда ўқитиш зарурлиги қайд этилди.
Гулистон университети қошида Хитойнинг “Лу Бан устахонаси” дастури доирасида касб-ҳунарга ўқитиш марказини, Сирдарё туманидаги тиббиёт техникуми негизида эса Хитой билан ҳамкорликда фармацевтика технологиялари йўналишида олийгоҳ ташкил қилишга кўрсатма берилди.
Сирдарё вилоятида 287 минг гектар сувли, 16,5 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари бор.
Жорий йил Мирзаобод, Ховос ва Сардобадаги 16 минг гектар чўл ерлар фойдаланишга киритилиб, ярмига янги технология асосида пахта экилгани учун гектаридан 60 центнергача ҳосил олинди.
Хитойлик инвесторлар 50 миллион доллар ҳисобига Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Ховос ва Сирдарё туманидаги 30-40 йилдан бери ҳеч нарса экилмаган яна 12 минг гектар ташландиқ ерни томчилаб суғориш орқали фойдаланишга киритишни бошлаб юборди. Келаси йил бу ерларда пахта етиштирилиб, камида 60 минг тонна ҳосил олинади.
Бунинг натижасида шунча гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла даласини қисқартирилиб, ўрнида озуқа экинларини жойлаштиришга рухсат берилади.
Хитойнинг Шимолий-ғарбий аграр университети, Янлин юқори технологиялар зонаси билан ҳамкорликда Сирдарёда қишлоқ хўжалиги уруғчилиги бўйича илмий-инновацион марказ ишини йўлга қўйиш топширилди.
Сирдарё вилоятида жорий йил 10 минг гектарда асосий экин сифатида шоли етиштирилиб, 53 минг тонна ҳосил олинди.
Бу яхши кўрсаткич бўлсада, сувни тежаш масаласи ҳам муҳимлиги қайд этилди.
Боёвутлик фермер томчилаб суғоришни йўлга қўйиб, ғалладан бўшаган 23 гектар ерда такрорий экинга 8 гектарида шоли, яна 15 гектарида эса пахта экиб, гектаридан 5-6 тонна ҳосил олди. Энг муҳими, сув сарфи 10 баробар камайди.
Шу боис, шоли етиштириладиган 8 та туман ҳокимларига ҳар йили камида 2 минг гектар шоли майдонини томчилатиб суғоришга ўтказиш топширилди.
Экин ерларида сув таъминотини яхшилаш учун келаси йил Боёвутда сиғими 100 миллион куб метр бўлган «Султонҳовуз» сув омборининг қурилиши бошланади.
Бу орқали Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё ва Мирзаобод туманларидаги 110 минг гектарда йилига 2 марта ҳосил олиш имконияти яратилади.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини сақлаб туриш учун вилоятдаги 16 минг километр зовурларни босқичма-босқич тозалаш вазифаси қўйилди.
Вилоятдаги 200 минг гектарга яқин экин ерлари кучли ва ўрта даражада шўрланган. Шўрланган ерларни соғломлаштириш бўйича пилот лойиҳани Сирдарёда синовдан ўтказиб, натижасига қараб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга сув ҳисобини юритиш бўйича Сирдарёни намунали ҳудудга айлантириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Венгриянинг «Бонафарм» компанияси Боёвут, Ховос, Мирзаобод ва Янгиерда паррандачилик кластерини ташкил қилишни бошлади.
Ушбу лойиҳа ишга тушса, вилоят аҳолисининг парранда гўшти ва тухумга талаби тўлиқ қопланади.
Ховос туманида 50 гектар ер ажратилса, венгриялик тадбиркорлар технопарк ташкил қилиб, 300 миллион доллар инвестиция киритмоқчи.
Вилоят ҳокимлигига Венгрияга бориб, Сирдарё вилояти имкониятларини тақдимот қилиш ва лойиҳалар пакетини шакллантириш топширилди.
Венгрия томони Ховоснинг 2 та маҳалласида “ақлли қишлоқ” дастурини амалга ошириш таклифини берган. Бунда маҳаллага ажратилаётган маблағлар шаффофлиги, эҳтиёжманд оилаларга берилаётган кўмак, бўш иш ўринлари, тадбиркорлар учун имкониятлар ягона очиқ тизим орқали аҳолига эълон қилиб борилади.
Вилоят ҳокимлиги ва Бошқарув самарадорлиги агентлигига венгриялик ҳамкорлар билан ушбу янги тажрибани бошлаш топширилди.
Президентимиз Сирдарёдаги аҳоли ва тадбиркорларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган ташаббусларга тўхталди.
А-373 йўлини Сайхунобод ва Гулистон туманидан ўтган 37 километр қисми яроқсиз бўлгани учун транспорт шаҳар орқали ҳаракатланишга мажбур бўляпти.
Бу йўлни 6 тасмали қилиб реконструкция қилиш ишларини бошлаш топширилди.
Осиё тараққиёт банки билан ички йўлларни қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мутасаддиларга ушбу дастур доирасида Боёвут, Гулистон, Ховос, Мирзаобод, Сирдарё ва Сайхунободнинг 18 та маҳалласидаги 67 километр йўлни цемент-бетон қопламага ўтказиш топширилди.
«Дўстлик» каналининг Гулистон шаҳридан ўтган 5 километр қисми реконструкция қилингани учун қирғоқ бўйи дам олиш масканлари ташкил этилди.
Келгуси йилда каналнинг қолган 3,5 километр қисми ҳам бетон қопламага ўтказилиши белгиланди.
Сирдарёда йилига ўртача 10 минг янги оила пайдо бўлаётганини ҳисобга олиб, уй-жойга талабни қондириш учун йил якунигача 3 минг 100 та хонадонга эга кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш, 2026 йилда яна 3,5 минг квартирали 80 та уй-жой барпо этиш мақсад қилиб олинди.
Икки кун олдин Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласидаги буюм бозори ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ баллон портлаб, 29 нафар одам жароҳат олди.
Афсуски, бу бахтсиз ҳодисанинг қурбонлари бор. Президентимиз уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Уч кун муддатда қурбон бўлганларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш топширилди.
Топшириққа кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази директори бошчилигида 10 нафар малакали шифокорлар бригадаси жабр кўрганларга бепул сифатли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда.
Масъул идораларга ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини тез фурсатларда аниқлаб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Умуман, ушбу фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун катта сабоқ бўлиши кераклиги қайд этилди. Қиш ойларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича барча масъуллар 24 соатлик иш режимига ўтиши зарурлиги қайд этилди.
“Бугун сизлар билан вилоятни янада ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорларни оғирини енгил, узоғини яқин қилиш бўйича катта-катта режа ва мақсадларни белгилаб олдик.
Ҳеч шубҳасиз, сирдарёликларнинг бунёдкорлик, ташаббускорлик ва фидойилик фазилатларига таяниб, бу марраларга албатта эришамиз.
Сўзимнинг якунида нуроний отахон ва онахонларга, ишбилармон тадбиркорлар ва деҳқонларга, куч ва ғайратга тўла ёшларга, бутун Сирдарё аҳлига ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман”, – деди Президентимиз йиғилиш якунида.
Сессия давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
#Шавкат Мирзиёев