Валюта курслари 03/12/2025
$1 – 11880.93
UZS – -0.12%
€1 – 13794.95
UZS – -0.23%
₽1 – 153.28
UZS – 0.2%
Қидириш
Президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатини ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича режаларни кўриб чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатини ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича режаларни кўриб чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатини ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича режаларни кўриб чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни кимё саноатида ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда кимё саноатини жадал ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича аниқ стратегия қабул қилинган. 2030 йилгача тармоқ ҳажмини камида икки баробарга ошириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни 1,5 баробарга кўпайтириш ва экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Бугунги кунда тармоқда умумий қиймати 1 миллиард долларлик 21 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда, келгуси уч йил учун яна 4,5 миллиард долларлик ташаббуслар шакллантирилган.

Тақдимотда кимё саноатидаги йирик корхоналарда баъзи ишлаб чиқариш қувватларининг эскиргани оқибатида энергия харажатларининг юқорилиги ва рақобатбардошлик пастлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, азотли ўғитлар таннархининг 55 фоизгача қисми энергия харажатларига тўғри келмоқда.

Соҳада энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш ва рақамлаштириш орқали харажатларни кескин қисқартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Дунёда кимё маҳсулотларининг бозори тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Қўшни мамлакатларда 1 миллиард долларлик маҳсулотларга талаб ва логистика учун қулай шароитлар бўлса-да, мазкур салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётгани қайд этилди.

Тақдимотда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳисобига янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва экспортни камида икки баробарга ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Жорий йилда Тошкент, Навоий ва Жиззах вилоятларида “яшил” минерал ўғитлар, циан тузлари, калий ксантогенат, калий сульфати каби юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқарадиган лойиҳалар ишга тушди. Ушбу янги маҳсулотлар экспортини оширишни ҳозирдан ҳисоб-китоб қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Келгуси йилда 4,5 миллион тонна пахта етиштириш мақсад қилинган.

Бунинг учун фосфорли ўғитларнинг етарли захирасини тайёрлаш, ўғит ишлаб чиқарувчиларга етарли миқдорда сульфат кислотасини етказиб бериш вазифаси қўйилди. Фермерларни ўғит билан таъминлаш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ишларини тезроқ бошлаш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз кимё саноати мамлакат иқтисодиётидаги стратегик тармоқ эканини таъкидлаб, ички бозорни барқарор таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. 

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг