Валюта курслари 05/12/2025
$1 – 11963.23
UZS – 0.43%
€1 – 13970.66
UZS – 0.7%
₽1 – 155.35
UZS – 1.28%
Қидириш
Президент: Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 2030 йилга келиб 54 фоизгача ўсади

Президент: Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 2030 йилга келиб 54 фоизгача ўсади

Президент: Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 2030 йилга келиб 54 фоизгача ўсади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда.

“Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз.

Биз бу йўналишда иккита муҳим мақсадга эришишни асосий вазифа қилиб белгилаганмиз. Биринчиси, барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш. Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир”, – деди Президентимиз.

Сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди.

Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди.

Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Жами генерация қувватларида «яшил» энергиянинг улуши бу йил 30 фоизга етказилади.

Юртимиздаги хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида 2 минг мегаваттли кичик қуёш панеллари ўрнатилди. Уларда шу йилнинг ўзида қўшимча равишда 2 миллиард киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ҳудудларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланди.

Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда.

Ушбу корхоналар томонидан янги қурилаётган электр станциялари ва тармоқларига йил бошидан буён 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабель ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилди, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилди.

Масалан, Норин каскад ГEСининг 38 мегаваттли илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишга туширилди.

Президентимиз соҳа ривожига хизмат қиладиган қурилиш, электротехника ва сервис корхоналаримиз келгусида халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик миллий компанияларга айланишига ишонч билдирди.

“Шу маънода, бугун ишга туширилаётган ва йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган “Angren Energo” ҳамда 155 та гидроагрегат тайёрлаб берадиган “O‘zHydropower” корхоналари катта истиқболга эга, десак тўғри бўлади”, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз энергетика соҳасида эришилаётган катта ютуқ ва марраларда салоҳиятли инвесторлар ва ишончли шерикларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари юртимизга катта сармоя киритаётган ва энг илғор технологияларни олиб келаётган ҳамкор мамлакатларга самимий миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Саудиянинг “ACWA Power”, Туркиянинг “AKSA”, “Cengiz Enerji”, Амирликларнинг “Masdar”, Хитойнинг “China Energy”, “Datang, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC”, “Eagle Rise”, Франциянинг “EDF”, “Voltalia”, “Total Energies”, Германиянинг “Siemens Energy” ва Қатарнинг “Nebras” компанияларига, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари вакилларига чуқур ташаккур изҳор этилди.

Маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилади, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилади.

Хусусан, ҳудудларимизда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро станция фойдаланишга топширилади. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказилади.

Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир”, – деди Президентимиз.

Энг муҳими, «тоза» энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилмоқда. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.

Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.

“Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз”, – деди Президентимиз.

Аҳолига қулай шарт-шароит яратиш учун “Янги Ўзбекистон” массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.

ИТ, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер компьютер кластери ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.

Айни пайтда Саудиянинг «Дата-вольт» компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича ишларни бошлаган. Бундай кенг кўламли ишлар электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади.

Шу боис, давлатимиз раҳбари яқин келажакдаги режаларга қисқача тўхталиб ўтди.

Президентимиз электр энергиясига ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун 2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади.

Натижада «яшил» энергиянинг жами генерациядаги улуши 54 фоизга етказилади.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида 3 миллиард 300 миллион доллар бўлган 3,5 минг мегаваттли «яшил» қувватларга старт берилаётгани бу йўлдаги катта қадам бўлади.

Янги қувватларни ягона энергия тизимига боғлаш учун юқори кучланишли 6 минг километр тармоқлар тортилади.

Хусусан, келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр тармоқлар ўтказилиб, подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувватлар яратилади.

“Биз электр энергияси генерацияси йўналишидаги ислоҳотларимиз натижасида соҳага хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида тўғридан-тўғри жалб этишда катта тажриба орттирдик.

Жорий йилдан нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам хусусий шериклик тамойилларини қўллашни бошладик”, – деди Президентимиз.

Хусусан, Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича Туркиянинг “Акса электрик” компанияси билан келишувга эришилгани маълум қилинди.

Ушбу компания лойиҳа доирасида тармоқни операцион бошқарувга олиб, инвестиция киритади, тармоқларни модернизация қилади, йўқотишларни босқичма-босқич 2 баробарга камайтиради. Натижада ҳар йили ўртача 20 миллион доллар тежалади.

Шундай тажриба асосида келгуси йилда Жиззах ва Сирдарё, 2027 йилда Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари бошқаруви ҳам инвесторларга таклиф этилади.

Аҳолининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилиши таъкидланди.

Янги йилда Хитой тажрибаси асосида 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади.

Мазкур ижтимоий лойиҳа кенг жорий этилиб, 30 мингта камбағал оилага «яшил» энергия кириб боради. Улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади.

Тадбиркорлар ҳам сув ресурсларидан унумли фойдаланиб, жорий йил 40 мегаваттли кичик ва микро ГEСлар қуришди. Натижада 120 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва улар қўшимча даромад манбаига эга бўлди.

Кейинги йилда 65 мегаваттли кичик ва микро ГEСлар барпо этилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 80 мингта хонадонда электр таъминоти тубдан яхшиланади.

“Яқинда Бразилияда ўтган СОП-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик. Яъни 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик”, – деди Президентимиз.

Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион «ИСРАФТ» лойиҳаси бошланди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишга киришилди.

Шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонаси «яшил» энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сони 100 тага етказилади.

Президентимиз қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шериклик мустаҳкамланганини қайд этди.

“Минтақамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбар-ота ГEС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз.

Шу ўринда Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича “яшил йўлак” лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этмоқчиман”, – деди Президентимиз.

“Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади.

Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини, албатта, тўлиқ барпо этамиз.

Мазкур лойиҳаларда фаол иштирок этаётган энергетика соҳаси вакилларига, барча ишчилар, муҳандислар ва хорижлик ҳамкорларимизга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман”, – деди давлатимиз раҳбари нутқининг якунида.

Маросимда ҳамкор мамлакатлар энергетика вазирлари ва компаниялар раҳбарлари сўзга чиқди.

Ўзбекистон Президенти рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектини ишга туширди ва 21 та янги лойиҳа қурилишини бошлаб берди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг