Президент Олмалиқда учинчи мисни қайта ишлаш заводини ишга туширди
Президент Олмалиқда учинчи мисни қайта ишлаш заводини ишга туширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқда (Тошкент вилояти) учинчи мисни қайта ишлаш заводининг ишга туширилишида иштирок этди.
Муборак Рамазон ҳайити ҳамда яшариш, янгиланиш байрами Наврўзи айём арафасида юртимизда саноат, энергетика, инфратузилма, сервис соҳаларида кўплаб йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда янги уй-жой массивлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, туризм ва маданият масканлари бунёд этилмоқда.
“Бу ишларимизнинг барчаси бир мақсадга – иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ва албатта халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган.
Бугун ишга тушаётган 3-мис бойитиш фабрикаси ҳам ана шу кенг кўламли ишларимиз ва бунёдкор халқимизнинг фидокорона меҳнати намунаси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, – деди Президентимиз.
Қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик ушбу лойиҳа шунчаки корхона эмас, балки мамлакатимиз саноат қудратини янада мустаҳкамлайдиган, табиий бойликларимизни чуқур қайта ишлашга хизмат қиладиган замонавий индустриал мажмуа экани таъкидланди.
Сўнгги йилларда тоғ-кон саноати тубдан ислоҳ қилинди. Илгари қимматбаҳо ва рангли металларни қазиб олиш билан 2 та комбинат шуғулланар эди.
Конларни инвесторларга бериш бўйича шаффоф тизим яратилгани ҳисобига тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Бугун соҳада 65 та хусусий корхона фаолият юритмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йигирма беш йилида олтин қазиб олиш ҳажми 63 тоннадан 87 тоннага ёки 24 тоннага ошган бўлса, сўнгги тўққиз йилда бу яна 31 тоннага кўпайиб, ўтган йили 118,4 тоннага етказилди.
Худди шундай 2016 йилдан буён кумуш ишлаб чиқариш 1,6 баробар, уран 2,1 баробар, мис 1,4 баробарга оширилишига эришилди. Натижада соҳада ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йил 270 триллион сўмга етди.
Муҳими, юқори даромадли энг кўп иш ўринлари ҳам айнан шу соҳадаги корхоналарда экани таъкидланди. Бугун экскаватор машинисти 30 миллион сўмгача, бурғилаш мутахассислари ва катта самосвал ҳайдовчилари 40 миллион сўмгача, геолог ва маркшейдерлар 70 миллион сўмгача маош олмоқда.
Хорижий ҳамкорлар билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани ҳам энг катта ютуқлардан бири бўлгани таъкидланди.
Хусусан, Олмалиқда “Москва пўлат ва қоришмалар институти” университети филиали («МИСиС»), Олмалиқ техника институти, Тошкент шаҳрида Геология фанлари университети (Ухан геология университети билан ҳамкорликда) ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди.
Навоий кончилик технологиялари университетида ҳам Россия, Канада, АҚШ, Франция ва Чилининг илғор олийгоҳлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилди.
Ушбу олийгоҳларда йилига 2,5 мингга яқин тор соҳа мутахассислари тайёрланмоқда.
Натижада илгари қимматбаҳо ва рангли металлар асосан хомашё шаклида экспорт қилинган бўлса, бугун йилига 100 минг тонна мис ўзимизда қайта ишланиб, юқори қийматли маҳсулот яратилмоқда, қисқа муддатда заргарлик саноатида ишлаб чиқариш 3,3 карра ўсиб, 13 триллион сўмдан ошди.
Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар ҳисобига қувватлар бундан ҳам ошади.
Дунёда ҳам мазкур хомашёга бўлган талаб кундан кунга ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки мис бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» тараққиёт учун стратегик хомашёга айланиб бўлди.
“Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади.
Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик”, – деди Президентимиз.
Мисол учун, «Ёшлик-1» кони. Яқин-яқингача кўпчилик “Бу конни ўзлаштириш қийин, имкониятимиз етмайди, эплай олмаймиз” деб ўйларди. Ваҳоланки, жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
Умуман, «Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан зиёд олтин захираси борлиги таъкидланди. Ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлади.
Конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби ноёб металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.
Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда.
Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.
Бундан ташқари, қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилгани эълон қилинди. Мазкур корхонада ҳам мингдан зиёд иш ўринлари бўлади.
Умуман, ушбу иккита йирик қувватлар ҳисобига мис катоди ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 300 минг тоннага, олтин 33 тоннага, кумуш 203 тоннага, молибден 1,7 минг тоннага етади.
Шу билан бирга, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун зарур хомашё бўлган сульфат кислотаси ишлаб чиқариш 3 карра ошади.
Бу йилига комбинатга қўшимча 5 миллиард доллар тушум дегани.
Президентимиз комбинат бўйича ҳали режалар катта эканини таъкидлади. Юқорида айтилган кўрсаткичларни яна 1,5 карра оширишга хизмат қиладиган 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича лойиҳаолди ишлари жадал кетаётгани қайд этилди.
Ушбу янги лойиҳалар ишга тушганида Олмалиқ комбинати мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги учта энг йирик комплексдан бирига айланади.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар ишлаб чиқаришни олтинда 175 тоннага, кумушда 500 тоннага, уранда 15 минг тоннага, мисда 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган.
Бу борада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида яратиладиган 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари ёшлар учун катта имконият бўлади.
“Ҳозир республика фаолларига мурожаат қилмоқчиман. Ёшларга етказинглар: ўқисин, излансин, бундай корхоналарда ишлаб, ҳаётда муносиб ўрнини топсин!” – деди Президентимиз.
Бугун ишга туширилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси Янги Ўзбекистоннинг тоғ-кон ва металлургия саноатини янги технологик босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Давлатимиз раҳбари фабрикани қуришда фаол иштирок этаётган барча ишчи-ходимлар, қурувчи ва машинистлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўзининг тажрибаси ва касбий салоҳияти билан ёшларга устозлик қилаётган фахрийлар, лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётган хорижий ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик билдирди. Фабриканинг янги меҳнат жамоасига эса келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.
Маросимда комбинат ишчилари, меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар сўзга чиқди. Президентимиз фабрика фаолиятига старт берди.
#Шавкат Мирзиёев