Валюта курслари 13/10/2025
$1 – 12140.91
UZS – 0.14%
€1 – 14053.10
UZS – -0.29%
₽1 – 149.41
UZS – 0.15%
Қидириш
Президент Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг таниқли намояндаси, мамлакатимизнинг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Ўрмонович Аҳмедов шу йил 12 октябрь куни 82 ёшида вафот этди.

Р.Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг дастлаб Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртида, кейин Москва шаҳридаги Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясида таълим олди.

Бутун ҳаётини ҳарбий соҳага бағишлаган Р.Аҳмедов танк полкида взвод командири, танк дивизияси сиёсий бўлими бошлиғининг ёрдамчиси, танк дивизияси батальони командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, Тошкент олий танк қўмондонлик билим юрти курсантлар батальони командирининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилиб, шахсий таркибни бошқариш, унинг ҳарбий, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасида етарли билим ва тажриба орттирди.

Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик ва Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган йилларида унинг ташкилотчилик қобилияти яққол намоён  бўлди.

Ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг Р.Аҳмедов Ўзбекистон Республикасининг мудофаа вазири, айни вақтда бирмунча муддат Миллий гвардия қўмондони вазифасини бажарувчи сифатида фаол иш олиб бориб, миллий армиямизни шакллантириш, давлатимиз мудофаа тизимини барпо этиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш йўлида жонбозлик кўрсатди. Мудофаа вазирлигининг Бош штаби қайта ташкил этилиб, Қуролли Кучлар Бирлашган штабига айлантирилди, ҳарбий округлар тузилди, ҳарбий қисмларнинг жойлашув ва бошқарув тизими такомиллаштирилди. Мудофаа вазирлигининг бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Р.Аҳмедов 1997–1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Фахрий генерал, улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, Янги Ўзбекистонда Қуролли Кучларни модернизация қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасидаги улкан ислоҳотларни амалга оширишда мудофаа вазирининг маслаҳатчиси сифатида ўзининг бой билим ва тажрибаси билан фаол иштирок этди.  Қайси лавозимда хизмат қилмасин, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият ва шараф билан бажарди, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда шахсий намуна кўрсатди.

Р.Аҳмедовнинг ҳарбий соҳадаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон Республикасининг II даражали “Шон-шараф” ва “Дўстлик орденлари билан мукофотланди.

Таниқли ҳарбий қўмондон, самимий ва камтарин инсон Рустам Аҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг