Президент Мирзиёев Администрациясида бир қатор кадр ўзгаришлари амалга оширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида янги кадр тaйинловлари амалга оширилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Президент фармонига мувофиқ, Бекзот Мардонович Мавлонов Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил масалалари бўйича Президент маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди. Аввалроқ у Президент Администрациясининг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаментини бошқарган, шунингдек, давлат маслаҳатчиси ўринбосари ва бош прокурор ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Яна бир тайинлов — Азиз Юлдашевич Магрупов Президентнинг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У 2018 йилдан буён Президент ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётган эди ва янги тайинлов муносабати билан мазкур вазифадан озод этилди.
Аввал хабар берилганидек, Президент ёрдамчиси лавозимида ишлаган Саида Мирзиёева Администрацияда янги жорий этилган лавозим — Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланди.
Бундан ташқари, Комил Алламжонов Саида Мирзиёеванинг мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланди. У инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш каби стратегик йўналишларда жамоатчилик асосида маслаҳат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан, Президент Администрациясининг бир қатор ходимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Саидлазиз Саидкаримов Президент Администрацияси Контрол инспекцияси бошлиғи лавозимидан бошқа ишга ўтиши муносабати билан озод этилди.
Шунингдек, Уткиржон Қодиров — Администрациянинг ҳудудлар билан ҳамкорлик ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича департаменти раҳбари лавозимидан, ҳамда Жаҳонгир Иброҳимов — режалаш ва ахборот билан таъминлаш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимидан шу асосда озод қилинди.