Президент 2026 йилгача гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Миллий дастурни тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳамда прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда наркожиноятчилик бутун инсоният учун янги глобал хавф-хатарга айланаётгани қайд этилди. Таҳлилларга кўра, дунёда 400 миллиондан ортиқ одам бу иллатга дучор бўлган, унинг оқибатида йилига 300 мингга яқин одам вафот этяпти.
Афсуски, мазкур иллат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Йил бошидан 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди. Бундай жиноятларнинг шакл ва турлари йилдан йилга кўпайиб, қамрови ортиб бораётгани наркожиноят ва гиёҳвандликка қарши курашишни комплекс равишда ташкил қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканини кўрсатмоқда.
Йиғилишда соҳадаги мавжуд салбий тенденциялар таҳлил қилинди.
Жумладан, кейинги пайтларда истеъмоли осон, яшириш ва тарқатиш қулай дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар анъанавий наркотиклар ўрнини эгалламоқда, уларнинг тарқалиши асосан ёшлар орасида юз бермоқда, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилмоқда, наркотикларни тарқатиш манбаси бўлган уюшган жиноятчилик трансчегаравий хусусиятга эга.
– Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди, – деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддилар наркотикларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш бўйича режа ва таклифларини тақдимот қилди. Жумладан, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ушбу хавфдан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда механизмлар таклиф сифатида киритилди.
Бунда ўқувчи ва талабалар орасида наркотикларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таъсирчан амалий ҳаракатларни амалга оширишни барча масъул органлар ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Биринчи навбатда, ёшлар орасида наркотикларнинг ноқонуний айланмасига жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қатъий барҳам бериш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш, наркотикларни интернет орқали тарқатиш, уюшган гуруҳлар ва нарколабораториялар, уларга раҳнамолик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш ва чек қўйишга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятини йўлга қўйиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар орасида гиёҳвандликнинг диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизими тубдан такомиллаштирилади.
Тақдимотда 100 дан зиёд тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини назарда тутувчи Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури лойиҳаси давлат раҳбари томонидан маъқулланди ҳамда бу борада узлуксиз ишлаш тизимини жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 31 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Шу билан бирга, сўнгги беш йилда юртимизда кибержиноятлар сони эса 68 баробарга кўпайган. Жорий йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва электрон имзолари бўйича амалга оширилаётган фирибгарликлар сони кескин ортиб бормоқда. Жиноятларнинг катта қисми интернет орқали амалга оширилиб, энг кўп тарқалган усуллардан бири – банк карталари орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳисобланади.
Шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича аниқ механизм мавжуд эмас, айрим тадбиркорлик субъектлари мижозларнинг маълумотларини очиқ базаларда сақламоқда. Давлат хизматлари соҳасида ҳам биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик бўйича етарли кафолатлар таъминланмаган.
Шунингдек, банк тизимида киберҳужумларнинг олдини олиш, шубҳали пул операцияларини аниқлаш ва тезкор чора кўриш механизмлари етарли даражада самарали ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, тақдимотда соҳанинг ҳуқуқий, технологик ва илмий-услубий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар бу борада ишлаб чиқилган ечимларни баён қилди.
Шахсга доир маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик талабини, бундай маълумотларни шифрлаб сақлаш тартибини жорий этиш, маълумотга ишлов берувчи шахсларнинг реестрини юритиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Банк соҳасида онлайн-микроқарз ажратишда фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик, шубҳали банк ҳисобварақларини блоклашни туну кун режимда йўлга қўйишнинг механизмлари таклиф қилинди.
Кибержиноятчиликнинг янги турлари – смарт қурилмаларга ҳужумлар, криптоактивларни ноқонуний эгаллаш каби таҳдидларнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришдан асосий мақсад – бюрократия ва коррупцияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш.
Масалан, давлат харидларида танлов ва тендерлар рақамлашгани учун шу йилнинг ўзида 7,5 триллион сўм тежалди. Бугун аҳоли ва тадбиркорларга 1 мингга яқин давлат хизматлари масофадан туриб кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, йил бошидан буён давлат органлари томонидан 7 мингдан зиёд қонунга зид ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, назорат идораларининг фаолиятида 12,5 минг нафар тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан қонунлар ижроси устидан масофавий назорат тизимини яратиш, давлат идораларида қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини текшириш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш зарур.
Тақдимотда Бош прокуратура тизимида рақамли прокурор назоратини жорий этиш, текширувлар ва мониторинг жараёнини автоматлаштириш бўйича таклифлар ҳақида ахборот берилди. Бу орқали қонун бузилишларини эрта аниқлаш, масъул шахсларнинг ҳаракатларини реал вақт режимида кузатиш ҳамда прокурор назоратини шаффоф ва самарали ташкил этишнинг имкони яратилади.
Ҳозирда терговчиларнинг ишини баҳолаш бўйича ягона тизимнинг йўқлиги, ҳисоботларнинг “қўлда” юритилаётгани, жиноят ишларининг ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланаётгани иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳисобот тайёрлаш жараёни бир ҳафтагача вақт олмоқда.
Йил бошидан буён тергов органлари томонидан 1300 та қарорни қабул қилишда процессуал тартибларга амал қилинмагани, камчиликлар туфайли 637 та жиноят ишининг материаллари судлар томонидан терговга қайтарилгани маълум қилинди.
Шу боис, жиноят ҳақида хабар келиб тушганидан тортиб, суд қарори ижросигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш, тергов фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш вазифаси белгиланди. Бу тизим тергов жараёнини тезлаштиради, инсон омилини камайтиради ва масъулиятни оширади.
Шунингдек, рақамли технологиялар орқали содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш учун сунъий интеллект, киберҳуқуқ ва рақамли ҳуқуқ йўналишларида кадрлар тайёрлашни бошлаш вазифаси қўйилди. Бу орқали соҳада замонавий таҳлил усулларидан фойдалана оладиган, рақамли хавф-хатарларни олдиндан аниқлайдиган ва уларга самарали жавоб беришга қодир профессионаллар қатламини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
#Шавкат Мирзиёев