Польша холдинги Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларни Европа мамлакатларига экспорт қилишга кўмаклашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Польшанинг "Green Crops" холдинги эгаси Матеуш Ритель ва бош директор Адам Ружицкий билан музокара ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот аввалида Польша томони компания фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Таъкидланишича, холдинг Европанинг 12 та мамлакатида ўз фабрикаларини очган. "Green Crops" компанияси Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларни нафақат Польша, балки Европанинг бошқа мамлакатларидаги тармоқ супермаркетларига тарқатиш мақсадида ўзбек шериклар билан савдо алоқаларини ўрнатишга тайёрлиги маълум қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар Польша ва Европанинг бошқа мамлакатлари экспорт қилиш, икки мамлакат ҳудудларида ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида "Green Crops" вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Agro Expo Uzbekistan/Agrotech Expo" халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида компания стендини намойиш этиш ва бошқалар тўғрисида келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз элчихона кўмагида шу йилнинг май-октябрь ойларида Тошкент давлат аграр университети, Самарқанд агро инновациялар ва тадқиқотлар институти, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг 120 нафар талабаси "Green Crops" ва Краков қишлоқ хўжалиги университетида ҳақ тўланадиган ўқув-амалий стажировкаларда иштирок этмоқда.